Жиззах вилоятининг Зафаробод ва Бухоро вилоятининг Бухоро туманларига янги ҳокимлар тайинланди.

Зафаробод тумани

Халқ депутатлари Зафаробод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилди, деб хабар бермоқда Жиззах вилояти ҳокимлиги.

Танқидий руҳда ўтган сессияда вилоят ҳокими Эргаш Салиев кейинги йилларда собиқ ҳоким Ўткирбек Рахманов бошчилигида туманда ислоҳотларни амалга оширишда йўл қўйилган хато ва камчиликларни соҳалар бўйича бирма-бир танқидий таҳлил қилди.

Сессияда Зафаробод тумани ҳокими лавозимига тавсия этилган номзод — Ғайратжон Эшпулатов таништирилди. У шу вақтгача Пахтакор тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган.

Номзодни депутатлар бир овоздан тасдиқлади.

Бухоро тумани

Халқ депутатлари Бухоро тумани кенгаши сессиясида Ҳалимжон Сафаровни туман ҳокими лавозимидан озод этиш ва унинг ўрнига янги ҳоким тайинлаш масаласи кўриб чиқилди.

«Тан олиш керак, туманнинг олдинги раҳбари Ҳалимжон Салимович Сафаров бошчилигида ҳудудда қисқа муддатда кенг қамровли ишлар амалга оширилди. У билдирилган ишончни оқлаш учун фидойилик билан ишлади, жонкуярлик кўрсатди. Унинг раҳбарлигида барча соҳаларда ўсиш кузатилди. Аммо кейинги пайтда Ҳалимжон Сафаровнинг соғлиги ёмонлашгани зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажариш имкониятини чеклаб қўйди. У соғлиғи ёмонлашгани муносабати билан туман ҳокими лавозимидан озод этишни сўраб ариза билан мурожаат қилди», — деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов.

Унинг ўрнига бунга қадар Ромитан тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағаллликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Анваржон Очилов Бухоро тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.