2024 йил февраль ойида Ўзбекистонда сўнгги саккиз йил ичида рекорд даражада паст инфляция — 0,32 фоизлик инфляция қайд этилди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Статистика агентлиги ҳисоботида келтирилади.

Бу камида 2016 йилдан буён энг паст кўрсаткичдир (2016 йил февраль — 0,8%, 2017 йил — 1,4%, 2018 йил — 1,1%, 2019 йил — 1,6%, 2020 йил — 0,84%, 2021 йил — 0,64%, 2022 йил — 0,51%, 2023 йил — 0,54%).

Йиллик кўрсаткичда (2023 йилнинг февралига келиб) инфляция 8,35 фоизгача секинлашди — бу 2016 йил июнидан бери минимал кўрсаткич ҳисобланади.

Февраль ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,2 фоизга, пуллик хизматлар нархи эса 0,7 фоизга ошди.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, деярли барча асосий турдаги товарлар нархининг пасайиши кузатилди. Хусусан, тухум нархи ўртача 1,9 фоизга, кунгабоқар ёғи 1,1 фоизга, шакар ва ун 0,7 фоизга, мол ва қўй гўшти 0,4 фоизга, гуруч 0,2 фоизга арзонлашган. Сут нархи эса 0,2 фоизга кўтарилди.

Шу билан бирга, йиллик қийматда сут нархи 12,2 фоизга, тухум 11,6 фоизга, шакар 10,1 фоизга, гуруч 31,3 фоизга ошди.

Охирги ойда мева-сабзавот маҳсулотлари орасида бодринг 12,3 фоизга, булғор қалампири 11,7 фоизга, бақлажон 6,1 фоизга, помидор 5,9 фоизга, саримсоқ 4 фоизга қимматлашди.

Картошка 0,9 фоизга, пиёз 1,1 фоизга, сабзи 1,8 фоизга, карам 3,1 фоизга, банан 9,2 фоизга арзонлашди.

Февраль ойида алкоголли ичимликлар нархи 0,9 фоизга, тамаки маҳсулотлари 1 фоизга кўтарилди.

Ўтган ойда Тошкент вилоятида совуқ сув ва канализация тарифларининг ошиши қайд этилди ва бу республика бўйича умумий нархларнинг 1,5 фоизга ошишида намоён бўлди. Маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўлов 2024 йил февраль ойида республика бўйича ўртача 9,4 фоизга (январь ва февраль ойларида — 29,2 фоизга) ошди.

Йирик маиший техника ўртача 1 фоизга, ошхона анжомлари 2,8 фоизга қимматлашди.

Тиббий ниқоб ва қўлқоплар 3,2 фоизга арзонлашган бўлса, антибиотиклар 12,7 фоизга қимматлашди (январда бу кўрсаткич +1,3 фоизни ташкил этди).

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, февраль ойида пропан — 1,4% (15,7%), бензин нархи 1,1 фоизга (январда — 1,2−6,4 фоизга, йил давомида — 23,3 фоизга) қимматлади, бироқ фақатгина UNG Petro нархларни 2,9 фоизга — 7 минг сўмгача кўтарилди, метан нархи ўзгармади (йил давомида +20,5%).

Ой давомида ҳаво ва темир йўл чипталари нархи 0,3 фоизга ва 1,5 фоизга арзонлашди, бу миллий валюта курсининг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ.

Февраль ойидан бошлаб Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида танланма нархлар сўровига киритилган хусусий боғчаларда тўловлар 1,6%-10,1 фоизга ошди.

Умумий овқатланиш корхоналари нархларининг ўсиши 0,3 фоиздан 0,4 фоизгача бўлган.

Банклар орқали пул ўтказиш хизматлари 0,7 фоизга қимматлашди.