Ўзбекистонда январь ойида инфляция 0,64 фоизни, йиллик кўрсаткичда (2023 йил январидан) 8,6 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисоботида айтилади.

Йилнинг биринчи ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,7 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,4 фоизга, хизматлар нархи 0,9 фоизга ошди.

Январь ойида озиқ-овқат нархлари 1 фоиз дефляциядан 3,3 фоиз инфляциягача ўзгариб турди. Хусусан, дон ва дон маҳсулотлари (0,2 фоизга), балиқ ва денгиз маҳсулотлари (1 фоизга), мой ва ёғлар (0,8 фоизга) нархлари пасайди. Мева ва ёнғоқлар (2,2 фоиз), сабзавот, илдиз мевали ва дуккаклилар (3,4 фоиз) нархлари ошди.

Январь ойида бодринг, карам, сабзи, лавлаги, цитрус мевалари каби мева-сабзавот турларининг нархи пасайди. Шу билан бирга, бақлажон, булғор қалампири, банан каби мева-сабзавотларнинг нархи сезиларли даражада ошди.

Бақлажон, пиёз ва булғор қалампири 2023 йил январига нисбатан нархларнинг пасайиши бўйича етакчилик қилмоқда. Аксинча, узум нархи 2023 йил январь ойига нисбатан бошқаларга қараганда анча ошди.

Ноозиқ-овқат товарларига келсак, кийим-кечак нархлари 0,2 фоизга, пойабзал нархи 0,1 фоизга ошди. Декабрь ойида бу товарларнинг инфляцияси 0,9 фоизни ташкил этган эди.

Январь ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўловлар оширилди. Ўсиш диапазони 8,2 фоиздан (Бухоро вилояти) икки бараваргача (Наманган вилояти)ни ташкил этди. Чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари тарифларининг бошқа ҳудудларда барқарорлигини инобатга олган ҳолда, ушбу гуруҳдаги инфляция ой давомида 8 фоизга етди.

Жорий йил бошидан совуқ сув ва канализация хизматлари учун тўловлар ҳисоб-китобларида аввалроқ маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қўшимча ўрнатилган тўловлар бекор қилинди. Бу Қорақалпоғистон Республикасидан бошқа барча ҳудудларда ушбу хизмат тури бўйича қисқа муддатли инфляция пасайишида намоён бўлди. Қорақалпоғистон Республикасида қўшимча тўловлар бекор қилиниши билан бирга, тариф ўлчами ҳам оширилди, дея таъкидлади Статистика агентлиги.

Тиббий лаборатория хизматлари январь ойида 0,7 фоизга, ниқоб ва қўлқоплар 2,9 фоизга арзонлашган, антибиотиклар эса 1,3 фоизга қимматлашди.

Январь ойида барча ҳудудларда бензин қимматлашди, унинг нархи 1,2−6,4 фоизга, пропан эса 0,7−11,9 фоизга ошди. Шу билан бирга, Статистика агентлигининг қайд этишича, метан учун юқори нарх чегарасининг белгиланиши ушбу турдаги ёқилғи нархининг барқарорлигини таъминлади.

Январь ойидан бошлаб хусусий мактабгача таълим муассасаларига борадиган болалар учун тўловлар ҳам кўпроқ Тошкент вилоятида (9,1 фоизга), энг ками Самарқанд вилоятида (1,6 фоизга) ошди.