28 февраль куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Нурафшон шаҳри ҳудудида Зулфия Зокирова номидаги мемориал мажмуа қурилиши ҳақида фармойиш имзолади. Бу ҳақдаги тегишли ҳужжат E-qaror порталига жойлаштирилди.

Бу ишларни амалга ошириш учун вилоят маҳаллий бюджетининг 2024 йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм миқдорда маблағ ажратилди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ноябрь ойида Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова ёдгорлик мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш, шунингдек, кутубхона қуриш учун 34,4 млрд сўм (шундан 28 млрд сўми ёдгорлик учун) маблағ йўналтирилганди.

Аммо ўша ойда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Зойир Мирзаев вилоятнинг олдинги ҳокими Даврон Ҳидоятов томонидан қабул қилинган қарорни бекор қилган ва ушбу маблағлар муҳтожларга ёрдам бериш ва бошқа мақсадларга сарфланиши маълум қилинган.

Орадан бир неча кун ўтиб, Нурафшонда ёдгорлик мажмуаси ва кутубхона қурилиши бекор қилинмагани, аксинча, кредитор қарздорликни ёпиш мақсадида кечиктирилгани ҳақида хабар берилган. Шундан буён мазкур масалага қайтилмаган.

Бу ҳайкал ўзи нега керак? Вилоят ҳокимлиги изоҳи

«Газета.uz» Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Беҳзод Қобулов билан боғланиб, мазкур ёдгорликни ўрнатишга қандай эҳтиёж борлигини сўради.

«Бу лойиҳа қайта-қайта кўриб чиқилди… Қурмаса ҳам бўлар эди-ку, дейилса, Нурафшон — янги шаҳар. У ерда янги маъмурий бинолар, уй-жойлар, Нурафшон давлат университети ва бошқалар қуриляпти, марказ пайдо бўляпти. Шу пайтда хотин-қизларга эҳтиром маъносида мана шу ҳайкални қўйиш ҳам бир маданият. Бу аёлга аслида бу нарса (ҳайкал — таҳр.) ҳам кам. Фақат ҳайкал қўйиш билан чегараланиб қолинмайди. Ўша ерда яхши бир хиёбон бўлади. Ёш оилалар келиб, гул қўйиб кетадиган… Боғ бўлади асосийси у ерда», — деди у.

Матбуот котиби бу каби ҳайкалларни қуриш бутун дунё тажрибасида борлигини айтиб ўтди.

Зулфия Зокирова ким?

Зулфия Зокирова — Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган Тошкент вилояти Зангиота тумани Хонобод қишлоғида яшаган аёл. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига кўра «ЭЗГУФильм» кинокомпанияси Зулфия Зокированинг фожиали воқеаси ҳақида ҳикоя қилувчи реал воқеалар асосида «Илҳақ» бадиий фильмини суратга олган.

Шунингдек, Тошкентдаги Ғалаба боғида унинг илк ҳайкали ўрнатилган.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

«Бу Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ҳайкал. Ушбу ёдгорлик бутун халқимиз учун қутлуғ зиёратгоҳга, оила, муҳаббат, вафо ва садоқат тимсолига айланиб қолади. Бу ерга келган ёшлар миллатимизнинг қонида бўлган фазилатларни англаб, уларни қадрлаб яшашга интилади», — деганди 2020 йилда унинг ҳайкали пойига гул қўйган Шавкат Мирзиёев.