12 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан аёлларга юк кўтариши 2,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини ва йўловчиларнинг сони 14 кишидан ортиқ автобусларни бошқариш ҳуқуқи берилди.

«Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати автобусларни бошқариш истагини билдирган икки нафар аёл номзод учун амалиёт дарслари бошланганини маълум қилди.

«Ушбу ҳайдовчиларга амалиёт дарслари белгиланган бўлиб, устоз ҳайдовчи томонидан автобусни бошқариш ва йўналиш ҳаракати бўйича батафсил тушунчалар берилмоқда», дейилади АЖ хабарида.

Ҳайдовчиликка номзодлардан бири Саодат Шерматова бўлиб, у 2005 йилда «D» тоифаси бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини олган.

аёл ҳайдовчилар, жамоат транспорти, тошшаҳартрансхизмат

«Автобус бошқаришни яхши кўраман, тушларимга кириб чиқади. 2019 йилда ўқиганман. У пайтлари бизларда катта машиналар[ни бошқариш]га рухсат йўқ эди… Стажим ҳам етарли: 2005 йилдан бери техника соҳасида юраман. Стажировка қиламиз ҳали, секин-секин, фақат хоҳиш ва қизиқиш керак. Энг асосийси, ўзим яхши кўраман», — дейди Саодат Шерматова.

Номзодларнинг иккинчиси — Наргиз Гадаева. Видеолавҳада унинг дастлаб тана ҳарорати ва алкоголь ичганлик ҳолати бўйича тиббий кўрикдан ўтгани, сўнг бир неча йўналишлардаги автобус ва электробусларни устоз ҳайдовчи ҳамроҳлигида бошқарганини кўриш мумкин.

Йўналишга чиқишдан аввал ЙПХ ходими уни йўл қоидаларига амал қилишга чақириб, рулда кетаётганда телефондан фойдаланмаслик ва йўловчилар билан яхши муомалада бўлишни эслатиб ўтди.

Ўз навбатида, АЖ ходимлари йўловчиларга ҳам юзланиб, улар кетаётган автобусни аёл ҳайдовчи бошқаришига қандай муносабатда экани сўралди.

Улардан бири «Ўргатилган бўлса, аёл киши ҳам ҳар қандай ишда ишлаши, шафёр бўлиши ҳам мумкин. Нормал ҳолат бу», деса, яна бир йўловчи "Менга ёқди, аёллар ҳамма ишга қодир", — дея жавоб қайтарди.