12 февраль Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига [85-сон] мувофиқ Ҳукуматнинг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорининг 2-иловаси 27-банди ҳамда 3-иловаси 5-банди ўз кучини йўқотди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилди.

Шу тариқа аёлларга қуйидаги йўналишлар бўйича меҳнат фаолиятини олиб бориш учун ҳуқуқий асос яратилди:

  • юк кўтариши 2,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини бошқариш;
  • йўловчиларнинг сони 14 кишидан ортиқ бўлган автобусларни бошқариш.

«Эски нормаларнинг бекор қилиниши билан аёлларга қўшимча касб ва соҳаларда меҳнат фаолиятини олиб бориши учун ҳуқуқий асос мустаҳкамланди. Шунингдек, транспорт соҳасида гендер тенгликни таъминлаш ва катта сиғимли автобусларни (электробус) бошқаришга аёлларни жалб этиш имконияти яратилди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, замонавий автотранспорт воситаларининг техник хусусиятлари аёлларга ушбу соҳаларда қулай ва соғлиқларига зарарсиз меҳнат фаолиятини олиб бориш имконини беради.