Россия бош вазири Михаил Мишустин мамлакатда 1 мартдан бензин экспорти тақиқланишини маъқуллади, дея хабар бермоқда «РБК» ўз манбаларига таяниб.

Чекловлар олти ой давомида амал қилади, аммо улар Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзолари (Қозоғистон, Беларусь, Арманистон, Қирғизистон), Мўғулистон, Ўзбекистон, шунингдек, Абхазия ва Жанубий Осетияга маҳсулот етказиб беришнинг келишилган ҳажмларига таъсир қилмайди.

Бензин экспортига вақтинчалик тақиқнинг жорий этилиши Россия ички бозорида тез орада баҳорги дала ишлари, нефтни қайта ишлаш заводларида режалаштирилган таъмирлаш ишлари ва ёзги таътиллар билан боғлиқ, ёнилғига талаб ортадиган мавсум бошланиши билан изоҳланган.

Россияда йил бошидан буён Аи-92 ва Аи-95 бензинлари, шунингдек, ёзги дизель ёнилғисининг биржадаги нархлари 8−23 фоизга ошди, улгуржи сегментда эса бензин нархининг ўсиш суръати пастроқ бўлди (1,6 фоиз), дизель эса арзонлади (-6 фоиз).

Россияда 2023 йилнинг 21 сентябрдан 17 ноябригача бензин экспортига тақиқ жорий қилинганди. Ўшанда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бу ҳолат мамлакатдаги ёнилғи билан боғлиқ вазиятга таъсир қилганини таъкидлаганди.

Ўзбекистон ҳукуматлараро келишув имзолангандан сўнг — ноябрь ойида Россия бензинининг биринчи партиясини олди. Ўшанда жами 371 минг тонна бензин импорт қилиниши режалаштирилганди.