Венгрия парламенти Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини ратификация қилди, деб ёзмоқда Associated Press. 26 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатнинг 188 депутати бу қарорни маъқуллаб, 6 нафари эса қарши овоз берди (жами депутатлар сони 199 нафар).

Венгрия шу вақтгача Швециянинг блокка қўшилиши учун розилиги зарур бўлган охирги НАТО аъзоси бўлиб турганди. Энди расмий жараёнлар тугагач, Швеция НАТОнинг 32-аъзосига айланади.

Швеция Россия Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай — 2022 йил май ойида НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берганди. Мамлакатнинг альянсга аъзо бўлишини маъқулламаган охирги давлатлар Туркия ва Венгрия бўлиб турганди, бироқ 23 январь куни Туркия парламенти Швециянинг НАТОга қабул қилиниши ҳақидаги протоколни ратификация қилиш учун овоз берди ва 25 январь куни Туркия президенти ҳужжатни имзолади.

Январь ойи охирида Венгрия бош вазири Виктор Орбан мамлакат ҳукумати Швециянинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. У парламентдан Швециянинг аризасини «энг тез фурсатларда» мақуллашни сўраганди. Бироқ 5 февраль куни парламентнинг навбатдан ташқари мажлисида Орбаннинг ўзи етакчилик қилувчи ҳукмрон «Фидес» партияси Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш аризаси юзасидан овоз беришни жараёнини бойкот қилган ва жараён ўтказилмай қолганди. НАТО қоидаларига кўра, янги давлатлар иттифоққа фақат унинг барча аъзолари розилиги билан аъзо бўлиши мумкин.

Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан сўнг 2022 йил май ойи ўрталарида Швеция билан биргаликда Финляндия ҳам НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган ва 2023 йил апрель ойида альянсга аъзо бўлганди.