Финляндия Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотига 4 апрель — иттифоқ ташкил этилган кунда аъзо бўлди. Финляндия ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто Брюсселда тегишли ҳужжатни имзолади, дея хабар берди мамлакат ТИВ.

Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш жараёни ташкилот тарихидаги энг тезкор жараёнга айланди, деб ёзади Euronews. Ундан олдин ўттиз йиллик ҳарбий бетарафлик ҳукм сурган.

Брюссель штаб-квартираси ҳовлисида бўлиб ўтадиган тантанали маросимда аъзолик ҳужжатлари ташкилот таъсис шартномасининг сақловчиси бўлган АҚШ Давлат котибига топширилади, сўнгра у ерда Финляндия байроғи кўтарилади.

4 апрелдан эътиборан мамлакат жамоавий мудофаа мажбуриятлари доирасида альянс низомининг 5-моддасига бўйсунади, унга кўра, бир аъзога қилинган ҳужум «ҳаммага қилинган ҳужум деб ҳисобланади».

«Россия билан 1300 км чегарадош бўлган Финляндия худди қўшни Швеция сингари 10 ой олдин — Россиянинг Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берган», — дея таъкидлайди Euronews.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ушбу жараён юзасидан баёнот берди. «Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди», — дейилади унда.

ТИВ Россия «Финляндиянинг НАТОга киришидан келиб чиқадиган миллий хавфсизликка таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини» таъкидлади.