«Бунёдкор» футбол клуби директори Мурод Алиев журналистларнинг 2010-йиллар охирида жамоада ўйнаган бразилиялик футболчилар Ривалдо ва Денилсон олдидаги қарзи бўйича саволларига жавоб берди, деб ёзмоқда «Championat.Asia».

Эслатиб ўтамиз, Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) тартиб-интизом қўмитаси Ўзбекистоннинг «Бунёдкор» клубига бразилиялик футболчиларга қарийб 9,2 млн евро (тахминан 124 млрд сўм) тўлаш мажбуриятини юклаганди. «Газета.uz» томонлар ўртасида 2010 йилдан бери давом этаётган молиявий низо ҳақида батафсил маълумот берган.

«Биз Ривалдонинг ҳуқуқшунослари билан музокаралар олиб боряпмиз. Бу масалага ойдинлик киритамиз. Ҳа, [ФИФА] қарори чиқди, биз бундан хабардормиз. Биз вазиятни юмшатадиган ва клубга зарар етказмайдиган келишувга эришишга ҳаракат қиляпмиз. Ўшанда вазият қандай бўлганини билиш учун Zeromax раҳбарияти билан ҳам боғландик. Умид қиламанки, яқин орада „Бунёдкор“ учун тўғри ва яхши хабарлар бўлади», — деди Мурод Алиев.

Унинг сўзларига кўра, ушбу қарзни тўлаш масаласини клуб раҳбарияти, яъни «Ўзбекнефтгаз» давлат компанияси ҳал қилади. Ҳуқуқшунослар бразилиялик футболчиларга тўланадиган тўлов миқдорини камайтириш устида ишламоқда. «Ўшанда „Бунёдкор“ билан эмас, Zeromax компанияси билан шартнома имзоланган эди… Лекин „Бунёдкор“ билан қўшимча келишув бор эди, Ривалдонинг ҳуқуқшунослари шу пункт устида турибди», — деди клуб директори.

Мурод Алиев клуб манфаатларини шу пайтгача россиялик юрист ҳимоя қилганини айтди. Шунингдек, у журналистнинг «Бунёдкор» адвокатлари ФИФА қарори устидан апелляция бериш муддатини ўтказиб юборгани ҳақидаги сўзларини рад этди.

Жамоа вакилининг айтишича, 9,2 млн евролик қарз миқдори клубнинг 2−3 йиллик бюджетини ташкил қилади.

Кейинчалик номи «Бунёдкор»га ўзгартирилган «Қурувчи» клуби 2010 йилда банкрот бўлган Zeromax ҳолдинги таркибига кирувчи «Нефтгазмонтаж» компанияси томонидан ташкил этилган.

Ривалдо дастлаб «Бунёдкор» билан бир йиллик шартнома имзолаган. Унинг бир йиллик шартномаси қиймати солиқлардан кейин 6 млн еврони (5,3 млн фунт) ташкил қилган ва футболчида унинг образидан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича ҳам шартномаси мавжуд бўлган, бу унга баъзи бошқа даромадлардан 26 фоизлик улуш олишни таъминлаган, яъни футболчи биринчи йили 7,1 млн фунт стерлинг ишлаб олган.

Шартнома имзолаганидан бир неча ой ўтгач, 2008 йилнинг ёзида у келишувни яна икки йилга — 2011 йилнинг ёзигача узайтиришга рози бўлган, шунингдек, маслаҳатчи вазифасини ҳам бажара бошлаган.

Иккинчи йили — 2009 йилнинг ёзидан бошлаб футболчига маош тўланмай қўйган. «Унга жиддий муаммо йўқлиги, фақат пул оқими билан боғлиқ муаммо борлиги айтилган ва бу ғайриоддий туюлган бўлса-да, у ўша пайтда хавотирга сабаб йўқ деб ўйлаган», — деди унинг адвокати.

2010 йил июлига келиб, Ривалдо судга мурожаат қилишга қарор қилди, деярли шу вақтда Zeromax банкрот бўлди. Футболчи ўзининг йўқотишларини 16 млн еврога баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, футболчи ушбу сумманинг ҳеч бўлмаганда маълум бир қисми тўланишига эришмоқчи.