26 февраль куни «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича якуний суд қарори эълон қилинади, дея хабар бермоқда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати.

Суд мажлиси соат 15:00 да Тошкент шаҳар судида (Алишер Навоий шоҳкўчаси, 23 А уй) бошланади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 11 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси дори воситалари, жумладан, «Док-1 Макс» йўтал сиропини истеъмол қилиши оқибатида камида 69 нафар боланинг ўлими билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқишни бошлаган.

Айбланувчилар 21 киши (16 эркак ва 5 аёл)ни ташкил этади, жумладан, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги собиқ директори Сардор Кариев ва Quramax Medikal директори Рагневдра Пратар.

Мазкур иш бўйича улар Жиноят кодексининг бир қатор моддалари, хусусан, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва бериш, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказишда айбланмоқда.

12 февраль куни бўлиб ўтган якуний суд мажлисларининг бирида прокурор Фармагентликнинг собиқ раҳбари Кариев, унинг икки ўринбосари ва Давлат марказининг бир ходимига нисбатан 18 йил, Quramax Medical директорига 20 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган.

Давлат айбловчиси суддан ҳалок бўлган 68 нафар боланинг қариндошлари ва оғир жароҳат олган 16 нафар боланинг қариндошлари учун 100 миллион сўм (8,4 миллиард сўм), шунингдек, енгил жароҳат олган 2 нафар бола учун 20 миллион сўм ундиришни сўраган.

«Док-1 Макс» иши кўрилаётган суд залидан «Газета.uz»нинг батафсил репортажлари билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.