Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судида 12 февраль куни «Док-1 Макс» иши бўйича суд музокараси бўлиб ўтди. Унда прокурор 23 нафар судланувчига нисбатан сўрайдиган жазосини ўқиб эшиттирди. Бир нечта адвокатлар эса ўз музокарасида ушбу жазо бўйича нуқтаи назарларини билдириб ўтишди. «Газета.uz» прокурорнинг нутқи стенограммасини тақдим этади.

12 февралдаги суд музокараси тафсилотлари

Прокурор Саидакрaмхон Оқилов: Ҳурматли судлов ҳайъати, бир неча ой мобайнида С.Р.П. ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши очиқ суд мажлисида, қонуний тартибда, ҳар томонлама, тўғри ва холисона, судланувчиларнинг ўзини ҳимоя қилиш учун бўлган барча шарт-шароитлар таъминланган ҳолда иш бўйича қонуний тўхтамга келиш арафасида турибмиз. Ҳурматли судлов ҳайъати, иш ҳолатлари барчамизга маълум бўлганлиги сабабли, ортиқча тўхталиб ўтирмайман. Далилларга баҳо бериш юзасидан тўхталиб ўтсам.

Иш бўйича тўпланган далилларга баҳо бериб, судланувчиларнинг содир қилган жиноятлари ўз тасдиғини топган ва қуйидаги далиллар билан исботланган деб ҳисоблайман. Хусусан, С.Р.П., Б.Қ., Ну.М., Э.М., Сардор Кариев, А.А., Но.М, Г. С., Ш. Ш., Ж.Э., С.С., Ж.Ш., А.Ж., Г. Х., Г. Б., М.Ҳ., Ш. Х., Н.Ш., Ш. А., Ф.Ф., И.М., Ф.Т. ва Ф.Н.ларнинг айби

— судланувчи С.Р.П., Б.Қ., А.А., Ну.М., Г. С., М.Ҳ., Ш. Х, Н.Ш., Ш. А. ва Ш. Ш.ларнинг дастлабки терговда берган пушаймонлик аризалари;

— Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд-тиббиёт экспертиза марказининг «Амбронол» дори воситаси таркибида пропиленгликол моддаси ўрнига инсон соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли бўлган этиленгликоль ва диэтиленгликол моддаси аниқланган судга оид кимёвий экспертиза хулосалари;

— Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд-тиббиёт экспертиза марказининг «Док-Макс» дори воситаси таркибида пропиленгликол моддаси ўрнига инсон соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли бўлган этиленгликоль ва диэтиленгликол ёт моддалари аниқланган судга оид кимёвий экспертиза хулосалари;

— воқеа жойи ва мурдани кўздан кечириш баённомалари, болаларнинг «Док-1 Макс» сиропи ва «Амбронол» сироп дори воситаларидан заҳарланиш оқибатида вужудга келган ўткир буйрак, жигар етишмовчилиги натижасида вафот этганлиги ва оғир тан жароҳати олганлиги ҳақидаги суд-тиббий экспертиза хулосалари;

— «Elit Global Plus» МЧЖга қарашли божхона омборида Quramax Medical МЧЖ томонидан импорт қилиниб, «Док-1 Макс» дори воситасидан 33 донаси намуна тариқасида олиб қўйиш ҳақидаги баённома, Давлат марказининг фармакотоксикологик таҳлил лабораторияси томонидан 2022 йил 23 декабрда ўтказилган «Док-1 Макс» дори воситасини аномал токсиклик кўрсаткичини истеъмолдан сўнг таъсирини ўрганиш мақсадида лаборатория сичқонларида ўтказилган таҳлил хулосаси, Marion Biotech корхонасининг «Кураракс» дори воситасига орқа сана билан йўриқнома расмийлаштириб берилганлигини тасдиқловчи Давлат марказининг Фармакопея қўмитаси томонидан юритилган дори воситаларининг йўриқномасини ҳисобга олиш журналини кўздан кечириш баённомаси, Давлат маркази матбаа бўлимида мавжуд Давлат реестрига олинган электрон маълумотларни кўздан кечириш баённомаси;

— Давлат маркази экспертлар кенгашининг 2022 йил 25 майдаги 10-сонли мажлисининг икки хил мазмундаги «Кураракс» дори воситаси инспекцион текширувга туширилмай, уни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида «Кураракс» дори воситасини ишлаб чиқарувчи Ҳиндистоннинг Marion Biotech корхонасида GMP инспекция текшируви ўтказилиши ҳақида кенгаш баённомалари ва уларга илова қилинган ҳужжатлар;

— Давлат маркази томонидан «Кураракс» дори воситасини ишлаб чиқарувчи Marion Biotech корхонасида GMP инспекция текшируви ўтказилиши бўйича зарурий амалиётлар маркази ҳамда шу мазмунда Marion Biotech корхонасига юборилган 2022 йил 26 майдаги хатлари;

— С.Р.П. томонидан ихтиёрий тақдим қилинган, хотирасида Quramax Medical МЧЖнинг хуфёна бухгалтерияси ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган iPhone 13 Pro Max русумли уяли алоқа воситасини қабул қилиш баённомаси, Б.Қ. томонидан ихтиёрий тақдим қилинган, хотирасида Quramax Medical МЧЖнинг хуфёна бухгалтерияси ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган Galaxy G6 русумли уяли уяли алоқа воситасини қабул қилиш баённомаси;

— Quramax Medical МЧЖнинг молиявий хўжалик фаолияти ва солиқ қонунчилигини текшириш натижасида тузилган тафтиш далолатномаси, С.Р.П. ва Б.Қ.ларнинг сўзлашувларини эшитиш баённомалари, Иброҳимова томонидан қонуний тақдим қилинган С.Р.П.нинг фойдаланувида бўлган Ҳиндистоннинг Marion Biotech ва Сингапурнинг [Korporeyshn sil Amikrons], Буюк Британиянинг Quramax Limited компанияларининг 4 та муҳрини қабул қилиш баённомаси;

— 2023 йил 3 январдаги Дори воситалари тиббий буюмлар тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази ДУКдан А.А., Но.М. ва Ш. Ш.лар тан олиш йўли билан ноқонуний равишда рўйхатдан ўтказган ва ўтказишни режалаштирган хорижий дори воситаларининг ҳужжатларини олиб қўйиш баённомаси ва унга илова қилинган далолатномалар, судланувчи ва гувоҳларнинг фойдаланувидаги телефон рақамлари орқали олиб борилган сўзлашувлар табулаграмаси ёзилган диск ва уни кўздан кечириш баённомаси;

— Ҳиндистоннинг «Ферроза», «Валлас», «Амписет Валлас» дори воситаларини тан олиш йўли билан давлат рўйхатидан ўтказиш мақсадида Давлат марказига тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи тўлов ҳисоб варақлари, «Ферроза», «Валлас», «Амписет Валлас» дори воситаларини тан олиш йўли билан давлат рўйхатидан ўтказганлик юзасидан расмийлаштирилган кўчирмаларни кўздан кечириш баённомаси, Ҳамроева томонидан тақдим қилинган Ҳиндистоннинг Quality Pharmaceuticals корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари Люксембург давлатидан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги қалбаки сертификатлар мавжуд бўлган компьютер процессорини кўздан кечириш баённомаси,

— Ҳамроева томонидан тақдим қилинган процессор юзасидан 139-сонли судга оид компьютер-техник экспертиза хулосаси, А.А.дан 15 дона «пласкапанелний детектор для аппаратов рентгенсткова излучения» тиббий техникаларига мувофиқлик сертификати расмийлаштириш юзасидан тўпланган ҳужжатларни олиб қўйиш баённомаси,

— Эралиева томонидан ихтиёрий тақдим этилган Ш. Х. вақтинча сақлаш учун берилган «Док-1 Макс» дори воситасини 21 та синов баённомалари, Дори воситаларини стандартлаш илмий маркази (ДВСИМ) дори воситаларининг сифат ва миқдорий анализини ўтказиш учун фойдаланиладиган учта юқори самарали суюқлик хромотография ускуналари хотирасидаги маълумотларни кўздан кечириш баённомаси;

— ДВСИМ синов маркази ходимлари томонидан расмийлаштирилган икки нусхадаги бир хил сана ва қайд рақамли, бироқ турли кўрсаткичлар акс эттирилган «Док-1 Макс» дори воситасини лаборатория синовларидан ўтказиш синов баённомаларини кўздан кечириш баённомаси;

— ДВСИМ синов маркази ходимлари томонидан «Док-1 Макс» дори воситаси юқори самарали суюқлик хромотография ва УЭФ спектрофотометр қурилмаларида такширилмаганлиги тасдиқловчи қурилмалар хотирасидаги маълумотларни кўздан кечириш баённомаси;

— ДВСИМ сертификатлаштириш органи ходимлари «Док-1 Макс» дори воситасини лаборатория текшируви учун намуналарини «Elit Global Plus» МЧЖ божхона омборига келиб олмаганликларини тасдиқловчи кузатув камералари хотирасини кўздан кечириш баённомаси;

— М.Ҳ.нинг уйи, Ш. Х.нинг хонадонида ўтказилган тинтув баённомалари;

— Ш.Х.нинг акаси томонидан ихтиёрий тақдим этилган, ноқонуний ўзлаштирилиб, дорихоналарда сотилмаётган дори воситаларини қабул қилиш баённомаси;

— «Лекар Мед» МЧЖ таъсисчиси Ҳошимов томонидан ихтиёрий равишда топширилган M.H. ва бошқалар томонидан ДВСИМдан ноқонуний ўзлаштирилиб, дорихонада сотилаётган дори воситаларини қабул қилиш баённомаси;

— И.М.нинг укаси томонидан ихтиёрий равишда топширилган, И.М. ва бошқалар томонидан ДВСИМдан ноқонуний равишда ўзлаштирилиб, дорихонада сотилаётган дори воситаларини қабул қилиш баённомаси;

— ДВСИМдан ноқонуний равишда ўзлаштирилган дори воситаларини кўздан кечириш баённомаси;

— гувоҳларнинг кўрсатувлари, судланувчиларнинг кўрсатувлари, уларнинг ўртасида ўтказилган юзлаштириш баённомалари ҳамда Жиноят процессуал кодексининг 95-моддаси тартибида баҳоланган бошқа объектив далиллар мажмуи билан тўлиқ ўз тасдиғини топган деб ҳисоблайман.

Бироқ, дастлабки тергов органи томонидан С.Р.П.нинг ҳаракатли Жиноят кодексининг 28 орқали 209-моддаси 1-қисми билан, А.А., Но.М., Ш. Ш.ларнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан, Ғозихоновдан жами 45 минг долларни олган эпизоди бўйича ортиқча малакаланганлиги сабабли айбловдан ушбу моддаларни чиқаришни лозим, деб ҳисоблайман.

Шунингдек, Б.Қ.нинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 4-қисми «а» бандидан ушбу модданинг 28 орқали 186-моддаси 4-қисми «а» бандига, Ш. Ш.нинг ҳаракатларини биринчи эпизод бўйича Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» бандидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28 орқали 211-моддаси 3-қисми «а» бандига, М.Ҳ., Ш. Х., Н.Ш., Ш. А., Ф.Ф. ва И.М.ларнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» бандидан ушбу модданинг биринчи қисмига қайта малакалаш лозим деб ҳисоблайман.

Айбловнинг қолган қисми бўйича судланувчиларнинг ҳаракатларидан дастлабки тергов органи томонидан тўғри малакаланганлиги сабабли, у қисмига тўхталиб ўтирмайман.

Судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда Жиноят кодексининг 55 ва 56-моддаларида кўрсатилган енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олган ҳолда жазо тайинланиши лозим деб ҳисоблаб, шунга кўра:

— С.Р.П.ни (Quramax Medical компанияси директори бўлган — таҳр.) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди, 211-моддаси 3-қисми «а» банди, 213-моддаси 3-қисми «а» банди, 228-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 228-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 213-моддаси 3-қисми «а» банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 228-моддаси 2-қисми «а», «б» банди билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 228-моддаси 3-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттиришни белгилашингизни;

— Б.Қ.ни (Quramax Medical компанияси савдо директори бўлган — таҳр.) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 28 орқали 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди, 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси; Жиноят кодексининг 28 орқали 186−3-моддаси 4-қисми билан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаган ҳолда 3 йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси; 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 10 йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттиришни белгилатишингизни, Б.Қ.га нисбатан қўлланилган гаров эҳтиёт чорасини бекор қилиб, уни суд залидан қамоққа олишингизни;

— Ну.М.ни (Quramax Medical компанияси рўйхатга олиш бўйича менежери бўлган — таҳр.) Жиноят кодексининг 28 орқали 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди, 228-моддаси 2-қисми «а», «б» банди ва 228-моддаси 3-қисми билан назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 28 орқали 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди билан, Жиноят кодексининг 45 ҳамда 57-моддасини қўллаган ҳолда, 3 йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 228-моддаси 3-қисми «а», «б» банди билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси, 228-моддаси 3-қисми билан 1 йил озодликни чеклаш жазоси; Жиноят кодексининг 59 ҳамда 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 8 йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттиришни белгилатишингизни, Ну.М.га нисбатан қўлланилган тилхат эҳтиёт чорасини бекор қилиб, уни суд залидан қамоққа олишни;

— Э.М.ни (Quramax Medical компанияси бош ҳисобчиси бўлган — таҳр.) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, тайинланган жазони манзил колониясида ўтаттиришни белгилатишингизни, Э.М.га нисбатан қўлланилган тилхат эҳтиёт чорасини бекор қилиб, уни суд залидан қамоққа олишни;

— Кариев Сардор Ҳикматовични (бир вақтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳузуридаги Давлат марказининг собиқ директори лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди билан ва 209-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбдир деб топиб, 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан уч йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун уч йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташни белгилатишингизни;

— A.A.ни (Давлат маркази директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди, 25 орқали 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, 186-моддаси 4-қисми «а» банди билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 25 орқали 205-моддаси 1-қисми билан бир муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан уч йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттиришни белгилатишингизни;

— Но.М.ни (Давлат маркази директорининг ўринбосари лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди, 25 орқали 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, 186-моддаси 4-қисми «а» банди билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 25 орқали 205-моддаси 1-қисми билан бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан уч йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун уч йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттиришни белгилашингизни;

— Г. С.ни (Давлат маркази директорининг ёрдамчиси лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, 3 йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йилу тўрт ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва ва тайинланган жазони манзил колониясида ўтаттиришни белгилатишингизни;

— Ш. Ш.ни (Давлат маркази рўйхатдан ўтказиш бўлими вице-бошлиғи лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди, 25 орқали 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди, 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28 орқали 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, 186-моддаси 4-қисми «а» банди билан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 25 орқали 205-моддаси 1-қисми билан бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан 3 йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 28 орқали 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун уч йил муддатга моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттиришни белгилатишингизни;

— Ж.Э.ни (Давлат маркази рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди, 212-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 4-қисми «а» банди билан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаган ҳолда уч йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси; 212-моддаси 3-қисми «б» банди билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун уч йил муддатга моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттиришни белгилатишингизни;

— С.С.ни (Давлат маркази Фармакология қўмитаси раиси лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, ушбу модда билан 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни, тайинланган жазони манзил колонияда ўтаттиришни белгилашни, С.С.га нисбатан қўлланилган тилхат эҳтиёт чорасини бекор қилиб, уни суд залидан қамоққа олишни;

— Ж.Ш.ни Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» бандида назарда тутилган тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, уч йил муддатга моддий жавобгарлик ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни, Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан Ж.Ш.га тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини шартли деб ҳисоблаб, 2 йил синов муддати белгилашни;

— А.Ж.ни (Давлат маркази Фармакология қўмитасининг мутахассиси лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаган ҳолда уч йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлашдан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни, Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан А.Ж.га нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини шартли деб ҳисоблаб, 2 йил синов муддати белгилашни;

— Г. Х.ни (Давлат маркази Фармакология қўмитасининг етакчи мутахассиси лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 45 ҳам 57-моддаларини қўллаб, уч йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлашдан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлашни сўрайман.

— Г. Б.ни (Давлат маркази дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораториясининг мудири лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, уч йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлашни сўрайман.

— M.H. (Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази МЧЖ директори лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми ҳамда 207-моддаси 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 205-моддаси биринчи қисми билан икки йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 207-моддаси, 3-қисми «а» банди билан 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни ва тайинланган жазони манзил колониясида ўташни белгилашни;

— Ш. Х. (Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази МЧЖда сертификатлаштириш органи раҳбари лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 209-моддаси, 205-моддаси 5-қисми, 207-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, 207-моддаси 3-қисми «а» банди билан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан 3 йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлашни, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун уч йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлашни;

— Н.Ш.ни (Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази МЧЖда синов маркази раҳбари лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми, 207-моддаси 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми билан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, 207-моддаси учинчи қисми билан икки йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, 209-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, уч йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун уч йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлашни;

— Ш. А.ни (Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази МЧЖда директор ўринбосари лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси иккинчи қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун икки йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил-у 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлашни;

— Ф.Ф.ни (Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази МЧЖда сертификатлаш органи раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 205-моддаси биринчи қисми ва 209-моддаси иккинчи қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун икки йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлашни;

— И.М.ни (Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази МЧЖда синов маркази раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 205-моддаси биринчи қисми ва 209-моддаси иккинчи қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 2 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлашни;

— Ф.Т.ни (Давлат маркази рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган — таҳр.) Жиноят кодексининг 214-моддаси учинчи қисми «а» банди, 228-моддаси иккинчи қисми «а», «б» бандлари ва 228-моддаси учинчи қисми билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 214-моддаси учинчи қисми «а» банди билан Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаган ҳолда уч йил муддатга фармацевтика соҳасида моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 228-моддаси 2-қисми «а», «б» банди билан тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми билан бир йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни ва Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун уч йил муддатга моддий фамацевтика соҳасида жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш ва тайинланган жазони манзил колониясида ўташини белгилашини, Ф.Т.га нисбатан қўлланилган тилхат эҳтиёт чорасини бекор қилиб, уни суд залида қамоққа олишни;

— Ф.Н.ни («Original Solutions» МЧЖда директор лавозимида ишлайди — таҳр.) Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «а», «б» банди ва 228-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида узил-кесил ўташ учун 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлашни;

— С.Р.П., Б.Қ., Э.М.дан солидар тартибда 9 миллиард 688 миллион 409 минг 700 сўм солиқ қарздорлигини давлат фойдасига ундиришни;

— С.Р.П., Б.Қ., Ну.М., Кариев, А.А., Но.М., Ш. Ш., Ж.Э.лардан 68 нафар вафот этган ва 16 нафар тан жароҳати олган болаларнинг қонуний вакилларига 100 миллион сўмдан ва иккита енгил тан жароҳати олган болаларнинг қонуний вакилларига 20 миллион сўмдан моддий зарар ундиришни, қолган етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлигини тушунтиришни;

— Quramax Medical’га тегишли Миробод тумани Миробод кўчаси 66-уй 72-хонадон, МЧЖга тегишли бўлган Kia Seltos, Isuzu, Chevrolet Trailblazer автомашиналарини ва Б.Қ. томонидан топширилган 20 минг АҚШ долларини тегишли тартибда етказилган зарарни қоплаш учун қаратишингизни;

— Quramax Medical омборларида ва дорихоналардан йиғиб олинган 154 минг 887 дона «Док-1 Макс» ва 76 957 дона «Амбронол» дори воситаларини тегишли тартибда йўқ қилишни;

— ашёвий далил деб топилган тўлов ҳисоб фактуралари, давлат реестридан кўчирмалар, сўзлашувлар ёзилган диск, компаниянинг муҳрлари, синов баённомалари, блокнот, таҳлил натижалари, қайд қилиш журналлари, шартномалар, гувоҳномалар, президиум қарорларини жиноий иш ҳужжатларида Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига асосан жиноят иши ҳужжатлари билан бирга сақлашингизни сўрайман.

Шундан сўнг тўрт нафар судланувчиларнинг адвокатлари ҳимояси остидаги шахсларга қўйилган прокурор музокара нутиқида сўраган жазолар бўйича ўз нуқтаи назарини билдириб ўтди. Судья қолган адвокатларнинг музокарасини кейинги судда тингланишини билдириб, суд 14 февраль 9:00 гача танаффус эълон қилишини айтди.


«Док-1 Макс» иши бўйича 10 январдаги судда прокурор судланувчиларга нисбатан айблов хулосасини ўқиб эшиттирган, судланувчилар эса айбига иқрор-иқрор эмасликлари ҳақида фикрларини билдириб ўтган эди. «Газета.uz» ушбу суднинг тўлиқ стенограммасини тақдим этган.

«Док-1 Макс» иши кўрилаётган суд залидан тайёрланган «Газета.uz» репортажлари билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.