TikTok ва YouTube платформаларида Sardor gangster тахаллуси билан чиқишлар қилган Сардор Сафарбоев 10 суткага қамалди, дея хабар бермоқда Қашқадарё вилояти судлари матбуот хизмати.

Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг 2024 йил 21 февралдаги қарори билан у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 184−3-моддаси (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилди.

Қашқадарё вилоятида туғилган, вақтинча ишсиз 26 ёшли блогерга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Орадан икки кун ўтиб, Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан Сардор Сафарбоевнинг шикояти апелляция тартибида кўриб чиқилди. Биринчи инстанция судининг қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Аввалроқ Нишон тумани суди блогер Абдулҳаким Абжалиловни товламачиликда айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаганди.