Арманистон бош вазири Никол Пашинян France 24 телеканалига берган интервьюсида мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси (КХШТ)даги иштирокини «музлатиб қўйганини» маълум қилди.

Пашинян мамлакатга оид келишув шартлари бажарилмаганини таъкидлади. Шунингдек, Россиянинг Гюмридаги ҳарбий базасини ёпиш масаласи «кун тартибида эмас»лигини қайд этди.

Арманистон етакчиси бир неча ой олдин Россия ҳукумати «Арманистон аҳолисини ҳукуматни ағдаришга очиқчасига чақирганини» қўшимча қилди. Сиёсатчининг айтишича, Россиянинг шахсан унга қарши қаратилган пропагандаси тўхтамаяпти.

Пашинян интервьюда сафарбарликка жалб қилинмаслик учун россиялик Дмитрий Сетраковнинг Арманистонда ҳибсга олинишини «одам ўғирлаш» деб атаган. Дмитрий Сетраков декабрь ойида Гюмрида рус ҳарбийлари томонидан ҳибсга олинган ва шундан сўнг Россияга олиб кетилганди. Кейинчалик Сетраковга нисбатан жиноий иш очилгани хабар қилинган.

«Биз ҳудудимиздаги ноқонуний ҳаракатларга тоқат қила олмаймиз», — деди Никол Пашинян. У, шунингдек, «Агар Ереваннинг талаблари жавобсиз қолса, бунинг, албатта, оқибатлари бўлишини» таъкидлади.

Маълумот ўрнида, аввал иттифоқчи сифатида кўрилган Россия ва Арманистон муносабатлари 2023 йилда сезиларли даражада совуқлашди. Арманистон КХШТнинг бир нечта тадбирларида, жумладан, икки машғулоти ва ноябрь ойида Минскда бўлиб ўтган ташкилот саммитида иштирок этмади.

Москва томони Арманистонни Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилгани ва АҚШ билан ҳарбий машғулотлар ўтказгани учун танқид қилди. Ереван томони эса Россия Арманистонга Тоғли Қорабоғ можаросида етарлича ёрдам бермаганини таъкидлади.

Арманистон Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилганидан кейин Россия Давлат думаси Арманистон ҳайдовчилик гувоҳномаларини мамлакат ҳудудида тан олиниши номаълум муддатга қолдирганди.