Арманистон парламенти Гаагадаги Халқаро жиноят судининг Рим статутини ратификация қилишни маъқуллаб овоз берди, дея хабар берди Armenpress.

Ҳужжатни ратификация қилишни 60 нафар депутат маъқуллаган, 22 нафар депутат бунга қарши овоз берган. Тегишли ҳужжат энди президент томонидан имзоланиши керак бўлади.

Арманистон 1998 йилда Рим статутини имзолаган, бироқ 2004 йилда ҳужжат Арманистон конституциясига зид деб топилгач, ратификация жараёни тўхтаб қолган. 2022 йил охирида Арманистон ҳукумати ратификация жараёнини қайта тиклаганди.

Россия ҳужжатнинг ратификация қилинишига фаол қаршилик кўрсатганди. Жумладан, бир ҳафта олдин ҳам Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистонни Рим статутини ратификация қилиш оқибатлари ҳақида «огоҳлантирганди». Арманистоннинг Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилишини қабул қилиб бўлмайди, бу икки томонлама муносабатларда салбий оқибатларга олиб келади, дея қайд этган Москва.

Ўз навбатида, Арманистон расмийлари Рим статутини ратификация қилиш хавфсизлик масалалари юзасидан зарурлигини қайд этган. «Мамлакатимизга қарши ҳарбий жиноятлар аввал содир этилган ва ҳозир ҳам содир этилмоқда. Бизга бу [ратификация] керак, мамлакатимизга керак», — деганди парламент спикери Ален Симонян.

Рим статути Халқаро жиноий суд томонидан жорий этилган шартнома ҳисобланади. Уни 137 давлат имзолаган ва 120 дан ортиқ давлат ратификация қилган.

2023 йилнинг март ойида Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берди. У Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний равишда депортация қилишда гумонланмоқда.