Россия Давлат Думаси Арманистон фуқароларининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини уларнинг Россиядаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолияти учун тан олиш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилишни номаълум муддатга кечиктирди, дея хабар бермоқда РБК.

Қонун лойиҳасини кўриб чиқишни тўхтатиб қўйишни таклиф қилган парламентнинг Транспорт масалалари бўйича қўмитаси раиси Евгений Москвичев бу «ҳозирда Россия манфаатларига тўғри келмайди» дея таъкидлаган.

Дума спикери Вячеслав Володин эса бу орқали арманистонликлар қўшимча имтиёзларга эга бўлишини, аммо Арманистон расмийлари «рус тили мақомини мустаҳкамлаш бўйича ҳеч қандай чора кўрмаётганини» қайд этиб ўтган. Москва Россия ҳудудида бошқа давлатларнинг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларидан фойдаланишга рухсат бериш-бермасликни шу мезондан келиб чиққан ҳолда аниқлайди, деб тушунтирган у.

Рус тилининг мақоми конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилган Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари бундай имкониятга эга, дея қўшимча қилган нашр.

Арманистон ҳайдовчилик гувоҳномалари бўйича қонун лойиҳаси Давлат Думаси томонидан 2022 йил июнь ойида биринчи ўқишда қабул қилинган.

Аввалроқ Арманистон президенти Ваагн Хачатурян Халқаро жиноий суднинг Рим статутини ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолаган эди. Мазкур суд Россия президенти Владимир Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда гумон қилинаётгани сабабли ҳибсга олишга ордер берган.

Арманистон ҳукумати Рим статутини ратификация қилиш заруратини Халқаро жиноий суд Озарбайжон раҳбариятини Тоғли Қорабоғдаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликка тортиши мумкинлиги билан изоҳлаган эди.