Шавкат Мирзиёев ҳузурида 22 февраль куни бўлиб ўтган тақдимотда авиация соҳасидаги давлат корхоналарини трансформация қилиш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Трансформацияни жадаллаштириш

Тақдимотда Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airроrts АЖларидаги трансформация жараёнларини тезлаштириш, хизмат турлари ва даромадни кўпайтириш бўйича жорий йилги режалар муҳокама қилинди.

Хусусан, миллий авиакомпанияга халқаро кредит рейтинги олиб, уни IPO`га (акцияларни оммавий жойлаштириш) чиқариш жараёни бошланиши керак.

Бухоро, Наманган, Урганч ва Андижон аэропортларини хусусий бошқарувга ўтказиш ва модернизация қилиш режалаштирилган.

Ўзбекистон аэропортларидан парвозлар сонини 20 фоизга ошириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2022 йил апрелдаги фармони билан 2022 йил 1 сентябргача Uzbekistan Airways`нинг 51 фоиз ва ундан юқори давлат улушини, шу жумладан, IPO орқали савдога қўйиш бўйича ишларни бошлаш топширилган эди. Ўша йилнинг август ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги Uzbekistan Airways`ни хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун консалтинг компаниялар танлаш бўйича танлов эълон қилган эди.

Тақдимотда авиакомпаниядаги харажатларни 20 фоизга камайтириш режалари ҳақида сўз борди.

Ёқилғи сарфи юқори бўлган эски самолётларни сотиб, замонавий ва тежамкорларини харид қилиш режалаштирилган.

Фойдаланилмаётган ва даромад келтирмаётган активлар ҳам сотувга чиқарилади.

«72 та йўналиш бўйича оптимал парвозлар маршрутини танлаш орқали ёқилғи сарфи сезиларли камайтирилади», — дейилади баёнотда.

Президент харажатларни камайтириш дастурини тасдиқлаб, хизматлар рақобатдошлигини ошириш, хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

У аэропортларда қўшимча хизматларни кўпайтириш, Навоий аэропортида самолётларга техник хизмат кўрсатишни ривожлантириб, унинг имкониятларини тўлиқ ишга солиш зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, давлат авиакомпанияларига хорижлик малакали мутахассисларни жалб этиш, кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Амалга оширилмаган потенциал

Тадбирда айтилишича, «авиация хизматлари бозорида хусусий секторга кенг йўл» очилганига қарамай, ўтган йили уларнинг ҳажми атиги 11,6 фоизга ўсган.

Ўзбекистонни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида ҳаво транспорти ҳажмини 4 баробар ошириш кўзда тутилган. Бу мақсадни амалга ошириш учун соҳада йиллик ўсиш суръати камида 20 фоизни ташкил этиши керак, дейилади тақдимотда.

Шавкат Мирзиёев авиачипталарнинг юқори нархлари, мавжуд талабни қондириш учун ички ва халқаро рейслар етарли эмаслигини яна бир бор таъкидлади.

«Парвозларнинг асосий қисми ҳалигача Тошкент ва Самарқанд аэропортларига тўғри келади. Аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятлари чекланган, қўшимча хизматлардан даромад жами тушумнинг бор-йўғи 7 фоизини ташкил қилади. Тошкент, Навоий, Наманган аэропортлари транзит салоҳияти тўлиқ ишга солинмаяпти», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Бугунги кунда Ўзбекистонда авиакомпаниялар сони 15 тага, жумладан, хусусийлари 10 тага етди. Ўтган йили улар 28 та янги самолёт сотиб олди.

Сўнгги етти йил ичида рейслар сони икки баравар кўпайган. Самарқанд аэропорти хусусий шерикликка берилгани ҳисобига йўловчи оқими 4 баробар ортиб, 1 миллионга етган.