Президент 8 апрель куни «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан 1 майга қадар тажрибали инвестиция банкини жалб этиб, 2022 йил якунига қадар «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг, шу жумладан, акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) орқали камида 49 фоиз улушини, шунингдек, «Иссиқлик электр станциялари» АЖдаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушини хусусийлаштириш ишларини бошлаш режалаштирилмоқда.

1 сентябрга қадар халқаро консалтинг компанияси хулосалари асосида «Ўзбекгидроэнерго» компаниясини ислоҳ қилиш стратегиясини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.

Фармонга асосан 1 сентябрга қадар «Uzbekistan airways» компанияси устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушининг савдога чиқарилишини, шу жумладан, акцияларини оммавий жойлаштириш (IPO) ишларини бошлаш ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, 1 августга қадар халқаро инвестиция банки ва консультантларни жалб этган ҳолда, «UzAuto Motors» АЖ акциялар пакетининг 10 фоизгача қисмини маҳаллий фонд бозорида оммавий жойлаштирсин (IPO) ва бу корхонанинг қолган улушини ҳамда «UzAuto Motors Powertrain» АЖ, «Samarqand Avtomobil zavodi» МЧЖни стратегик инвесторларга сотиш стратегиясини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.

Икки ой муддатда «Uzbekistan Airports» компаниясининг Тошкент шаҳридаги ва ҳудудий халқаро аэропортларини модернизация қилиш ва операцион самарадорлигини ошириш учун хусусий секторга давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш бўйича қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Бунда, Фарғона водийсидаги аэропортларни мақбуллаштириш орқали улардан самарали фойдаланиш чоралари назарда тутилади.

Махсус ишчи гуруҳ Автомобиль йўллари қўмитасини ислоҳ қилиш билан шуғулланади. Ишчи гуруҳ икки ой муддатда соҳада назорат ва хўжалик функцияларини аниқ чегаралаш, монополиядан чиқариш, хусусий сектор корхоналарини жалб қилиш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидан пудрат ва ишлаб чиқариш корхоналарини чиқариш орқали уни ислоҳ қилиш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши керак.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Бундан ташқари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигига 1 сентябрга қадар «Ўзбектелеком» АК ва «Ўзбекистон почтаси» АЖни ислоҳ қилиш стратегияси ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун кузатув кенгашига киритишни таъминлаш вазифаси юклатилган.