19 февраль куни Бош прокуратура 2023 йил октябрь ойида Тошкентдаги 259-мактабда жисмоний тарбия дарси чоғида копток тегиб, вафот этган бола воқеаси бўйича жиноят иши очди. Бу бўйича Millar теледастурида лавҳа эфирга узатилди.

6 октябрь куни Юнусобод туманидаги 259-мактабнинг 6-синф ўқувчиси жисмоний тарбия дарси чоғида кўкрак қафасига копток тегиб, оқибатда ҳушини йўқотган. У шифохонага етказилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай, вафот этганди. Суд тиббий экспертизаси дастлабки хулосасига кўра, болага юракнинг рефлектор тўхташи, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши, юрак гипертрофияси, юрак туғма нуқсони ташхиси қўйилганди.

Келтирилишича, мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик; одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 13 февраль куни шу мактабда яна бир боланинг вафот этгани қайд этилди. Шанба куни мактабнинг футбол майдони олдидан ҳушсиз ҳолда топилган 3-синф ўқувчиси шифохонада вафот этган. Ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертиза тайинланиб, терговга қадар текширув бошланган.