21 февраль куни Ички ишлар вазирлиги томонидан одам савдосида айбланиб қидирувда бўлган 23 ёшли Мунисахон Алижонова Туркиядан депортация қилинди, деб хабар қилди Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси.

«Моня» номи билан танилган аёл 2023 йилдан бери қидирувда бўлган. У 13 февраль куни Истанбулда Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўтказилган қўшма тезкор тадбир доирасида қўлга олинди.

Ушбу аёлнинг ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси ёки ИИВга мурожаат қилиш сўралади.

Бу йил бошидан буён одам савдосида айбланган аёллар Туркиядан депортация қилиниши билан боғлиқ учинчи ҳолат ҳисобланади. 10 январь куни «Мадам Клод» номи билан танилган Нилуфар Мирханова, 24 январь куни Дилноза Умарова ва Мавлудахон Улмасова Ўзбекистонга депортация қилинганди.