Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирлар доирасида Истанбул шаҳрида 10 январь куни одам савдосида айбланиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувда бўлган икки аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар қилди.

Қуйидаги шахслар ҳибсга олинган:

  • 1985 йилда туғилган Дилноза Умарова — 2018 йилдан буён қидирувда эди;
  • 1983 йилда туғилган Мавлудахон Улмасова — 2017 йилдан буён қидирувда эди.

Ушбу аёлларнинг хатти-ҳаракатларидан жабрланган фуқаролардан Истанбулдаги бош консулхона ёки Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралади.

Бош консулхона Туркия ҳудудида ҳамкорликдаги тезкор-қидирув тадбирлари тизимли равишда давом этишини қайд этди.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг халқаро қидирувга берилган 8 нафар фуқароси, жумладан, «Мадам Клод» номи билан танилган Нилуфар Мирханова Туркияда қўлга олингани хабар қилинган эди. Нилуфар Мирханова ҳам одам савдосида айбланиб қидирувга берилганди, у Туркиядан депортация қилинган.