Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судьялар ҳайъати 20 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида Аброр Мухтор Алий номи билан танилган диний блогер Аброр Абдуазимовга нисбатан қўлланган маъмурий жазони ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди.

6 февраль куни Шайхонтоҳур тумани суди Аброр Абдуазимов ва яна бир фуқаро Хусрав Насруллаевга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ ва БҲМнинг 1 баравари (340 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинлаганди. Суд қарорида улар Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги биносида жанжал келтириб чиқаргани қайд этилган. Ушбу шахслар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари воқеа жойига етиб келгач, уларнинг қонуний талабларига бўйсунмай, оммани ўзига жалб қилиб, ходимларга нисбатан сохта уйдирмаларни тарқатган, дейилади ҳужжатда.

Иккала эркак ҳам суд қарори билан ҳибсга олиш харажатларини тўлашдан озод этилди.

14 февраль куни Тошкент шаҳри суди Аброр Абдуазимовга нисбатан ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Олий суднинг назорат органи ҳибсга олинган шахсларнинг биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраган шикоятларидаги важларни кўриб чиқиб, уларни қисман қаноатлантиришга қарор қилди. Чунки жазо тайинлашда суд уларнинг шахси, оилавий аҳволи, айбига иқрорлиги ва қилган ишидан пушаймон эканини инобатга олмаган ва оғирроқ жазо тайинланган.

Тафтиш органи МЖТКнинг 194-моддаси 1-қисми бўйича жазони (БҲМнинг 1 баравари — 340 минг сўм) ўзгаришсиз қолдириш зарур, 195-моддасида назарда тутилган қамоқ жазоси эса «ҳаракатга мутаносиб бўлиши керак», деб ҳисоблади. Ушбу шахслар учун маъмурий қамоқ муддати 15 кундан 13 кунга қисқартирилди. 15 кунлик муддат 21 февралда тугади.

Аввалроқ, 8 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судининг апелляция инстанцияси адвокат Хусрав Насруллаевнинг шикоятини кўриб чиққанди. Унинг айтишича, Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигида маъмурий баённома тузилган, бироқ Насруллаевнинг ўзи бу бинога бормаган. Бундан ташқари, кўрсатилган гувоҳлар протоколда иштирок этмаган, ҳужжатда уларнинг паспорт маълумотлари йўқ, шунингдек, кўрсатма бериш учун судга таклиф қилинишмаган.

Ҳимоячининг сўзларига кўра, биринчи инстанция суди қамоқ жазосини тайинлашда Насруллаевнинг қарамоғида 63 ёшли онаси, 3 нафар фарзанди ва ҳомиладор аёли борлигини, шунингдек, у оиланинг ягона боқувчиси эканини ҳисобга олмаган. Ҳимоячи апелляция судидан қарорни бекор қилишни сўраган, бироқ суд қарорни ўзгаришсиз қолдирган.