Блогер Аброр Абдуазимов (Аброр Мухтор Алий) 15 суткага қамалди. «Газета.uz» суд қарори ҳужжатини ўрганди.

Иш ҳужжатлари кўра, Аброр Абдуазимов ва Хусрав Насруллаевлар 2024 йил 6 февраль куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Ўрда» МФЙ ҳудудида жойлашган Шайхонтоҳур туман ҳокимлигида бақир чақир қилиб жанжал кўтаришган. Улар ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида келган ички ишлар ходимларини қонуний талабларини бажармаган, уларга оммавий равишда бўйсунмасдан, оммани ўзига жалб қилиб, ИИО ходимларига нисбатан сохта уйдирмаларни тарқатган.

6 февраль куни бўлиб ўтган суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилинган Аброр Абдуазимов қилмишидан пушаймонлигини ва бу каби ҳолат бошқа такрорланмаслигини баён қилиб, суддан енгиллик беришни сўраб кўрсатувлар берди.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар тариқасида сўроқ қилинган Хусрав Насруллаев ҳам пушаймонлигини маълум қилиб суддан енгиллик сўради.

Суд маъмурий қамоққа олинган ҳуқуқбузарларни оилавий шароитини инобатга олиб, уни қамоқда сақлаш билан боғлиқ харажатлардан озод қилишни лозим топди.

Суд қарорига кўра, Аброр Мухтор Алий тахаллуси билан танилган блогер Аброр Абдуазимов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасининг 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддасида (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганда айбли деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340 000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Хусрав Насруллаевга нисбатан ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасининг 1-қисми ва 195-моддасида назарда тутилган хуқуқбузарликни содир этганда айбли деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340 000 сўм жарима жазоси тайинланди.