Ўзбекистонда куннинг тиғиз вақтларида электр энергияси ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияларига (АГТКШ) газ етказиб беришда чекловлар сақланиб қолмоқда, деди Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев.

19 февраль — душанба куни барча электр станциялар орқали жами 243,9 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 41,3 млн кубометр табиий газ, 25,6 минг тонна кўмир ҳамда 12,1 минг тонна мазут ёқилди.

Бундан ташқари, Туркманистондан 20,6 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди. Республика истеъмолчиларига 236,2 млн кВт·соат электр энергияси етказиб берилди.

«Қишнинг совуқ кунларида газ босимининг авария оқибатида кескин тушиб кетиши ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг бир неча маротаба ошиши туфайли кеча ҳам мамлакат бўйлаб куннинг тиғиз вақтларида 550 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди», — деди Энергетика вазирлиги масъули.

Вазирликнинг огоҳлантиришича, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳолат яхши томонга ўзгаргунга қадар бугун ҳам (20 февраль) куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши мумкин.

Газ босимининг одатдагидан кўра паст эканига қарамай, 19 февраль куни унинг истеъмоли янада ортиб, 153,2 млн кубометрни ташкил қилди.

Шунингдек, ташкилот 17 февраль куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол туфайли 110 кВ кучланишга эга «Л-Газли-1» ҳамда «Л-Газли-2» электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши оқибатида фавқулодда тўхтаган 10 та газ ҳайдаш агрегати кеча ишга туширилганини айтмоқда. Ҳозирги вақтда «Л-Газли-1» тармоғининг бир қисмида электр таъминоти тўлиқ тикланди. Унинг қолган қисмида ва «Л-Газли-2» электр узатиш тармоғида таъмирлаш ишлари давом этмоқда, дейилади хабарда.

«Табиий газ ҳажми меъёрий схемага яқинлашяпти. Бироқ совуқ об-ҳаво туфайли газ босимининг пасайгани меъёрий схеманинг тўлиқ тикланишини кечиктирмоқда», — дея изоҳ берди Ҳасан Тошхўжаев.

Магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетиши оқибатларини бартараф этиш, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида яна бошқа зарур чоралар ҳам кўрилмоқда.

Хусусан, газ босимининг камайишини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида мамлакатдаги барча метан заправкалар фаолиятига киритилган чекловлар бугун ҳам давом этади.

Кун давомида ўзгариш юз бериб, қайсидир ҳудудда метан заправкалар фаолияти олдиндан белгиланган режа-график асосида йўлга қўйилса, бу ҳақида Энергетика вазирлигининг расмий ахборот ресурслари орқали алоҳида хабар берилади.

19 февраль куни Ўзбекистондаги 152 та метан заправка орқали ижтимоий соҳалар — тиббиёт муассасалари, жамоат транспортлари ҳамда шу каби бошқа объектларга тегишли автомобилларга 941 минг кубометр табиий газ етказиб берилган.

Автобензин ва дизель ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 19 февраль куни «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 4 минг 180 тонна автобензин етказиб берилган.

Ноябрь ойи охирида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов жорий қишда юзага келиши мумкин бўлган энергия танқислигини қандай қоплашни режалашфтираётгани ҳақида гапирганди. Мазутдан энергия ишлаб чиқариш, йирик корхоналарни тунги иш режимига ўтказиш, ёқилғи қуйиш шохобчаларига газ етказиб беришни қисқартириш ва бошқалар каби чора-тадбирлар шунинг қаторидадир.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистон қандай қилиб газ экспорт қилувчи давлатдан импорт қилувчи давлатга айланганини ўрганиб чиққанди.