19 февраль куни Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хатори Такаши ва Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов «Барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни қўллаб-қувватлаш дастури» доирасида 37 млрд иена (тахминан 246,2 млн доллар) миқдорида кредит ажратиш бўйича алмашув ноталарини имзолади, дея хабар берди дипломатик миссия матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Бундан ташқари, Илҳом Норқулов ва JICA`нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Бито Ёшибуми ушбу лойиҳа бўйича кредит келишувини имзоладилар. Кредит 10 йиллик имтиёзли давр билан 30 йил муддатга берилади. Фоиз ставкаси йилига 1,8 фоизни ташкил этади.

Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистонни бозор иқтисодиётига ўтиши бўйича иқтисодий ислоҳотларнинг узлуксиз амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий интеграция ва барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборат.

«Лойиҳа мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлиги ва унинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

2022 йил декабр ойида Токиода бўлиб ўтган «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасидаги ташқи ишлар вазирларининг 9-учрашувида эркин ва очиқ Марказий Осиёда барқарор ривожланишга эришиш мақсадида Япония ҳамкорлик «инсонларга сармоя киритиш» ва «ўсиш сифати»га устувор аҳамият қаратадиган янги моделга мувофиқ йўлга қўйилишини ва ривожлантиришини эълон қилганди. Ушбу лойиҳа «Ўсиш сифати» тушунчасини ўзида қамраб олади.