Ўзбекистонда йил давомида иккитадан ортиқ автомобиль сотган жисмоний шахсларни декларациялаш тизими жорий этилиши режалаштирилмоқда. 13 февраль куни президентга тақдим этилган Стратегик ислоҳотлар агентлиги тақдимотида шу ҳақда сўз боради. «Газета.uz» у билан танишиб чиқди.

Қайд этилишича, 2022 йилда 33 мингга яқин фуқаро 3 ва ундан ортиқ автомобиль харид қилган. Декларация тизими орқали чайқовчиликнинг олдини олиш ва бюджетга қўшимча 30 миллиард сўм тушум тушириш мақсад қилинган.

Олибсотарларга қарши курашиш учун UzAuto Motors агар бир киши йилига бир хил моделдаги иккитадан ортиқ автомобиль сотиб олган бўлса, автомобилни харидорга етказиб бериш муддатини 120 кунгача оширишини маълум қилганди. Бундай ҳолда, ҳар бир кейинги машина навбатнинг охирига кўчирилади.

Ўтган йил охирида Ўзбекистонда янги автомобилларни чакана сотиш тартибига ўзгартиришлар киритилган эди. Эндиликда UzAuto Motors мижоз билан 12 ой ичида иккитадан ортиқ олди-сотди шартномаси тузган бўлса, у билан автомобиль етказиб бериш бўйича янги шартнома тузишдан бош тортиши мумкин бўлади.

Ноябрь ойида молиячи Отабек Бакиров автомобилларни қайта сотувчи чайқовчилар даромадига солиқ солишни таклиф қилган эди. «Нима учун 1 йил ичида сотилган автомобиль бўйича автомобилнинг прейскурант нархи бўйича 12 фоизлик даромад солиғи қўллаш мумкин эмас? Уй-жой 3 йил ичида сотилса, фарқи солиққа тортилади-ку?», — деганди у.

У UzAuto Motors томонидан етказиб бериладиган автомобиллар етишмаслигини инобатга олиб, автомобилларни импорт қилишда божхона режимини юмшатиш ва автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналар нархларини либераллаштиришни таклиф қилган.

Шуни таъкидлаш керакки, Россияда, масалан, агар автомобилга 3 йилдан камроқ вақт давомида эгалик қилинган бўлса, декларация топшириш ва олинган даромад миқдори бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС) тўлаш керак.

Бундан ташқари, тақдимотга кўра, даромад солиғини ҳисоблашда чегириб ташланмайдиган харажатлар сонини 36 тадан 30 тага қисқартириш кўзда тутилган (Солиқ кодексининг олдинги таҳририда 18 та бўлган). Таққослаш учун: Қозоғистонда бундай харажатлар сони 23 та, Қирғизистонда 20 та, Озарбайжонда 9 та, Хитойда 8 тани ташкил этади.

Шунингдек, давлат мулкини хусусийлаштиришда қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) бекор қилиш таклиф этилмоқда. Қайд этилишича, хусусийлаштирилган объектнинг нархи «сунъий равишда 12 фоизга оширилган». Масалан, аянчли аҳволдаги шифохона биноси аукцион савдосига 1,3 миллиард сўмга қўйилган, бироқ 162 миллион сўм миқдорида ҚҚС тўлаш ҳам керак.

Ягона тарифлар бўйича йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи корхоналарга ҚҚСнинг нол ставкасини қўллаш режалаштирилмоқда. Масалан, 9 миллиард сўмга автобус ва микроавтобуслар сотиб олган Андижоннинг «Алпомиштранс» компанияси ҚҚСни ҳисобдан чиқариш имкониятига эга эмас.

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистонда аҳолига хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари, уй-жойларни жисмоний шахсларга сотишда қурувчилар ва бошқалар учун нақд пулдан фойдаланишни қисқартириш ва нақдсиз тўловларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Ёғоч, шиналар ва шакар улгуржи савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш ҳам режада бор.