Ўзбекистон Республикасида янги автомототранспорт воситаларини чакана сотиш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 25 декабрь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилинди.

Қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари қуйидаги мазмундаги 119−1 банд билан тўлдирилди:

«119−1. Сотувчи олди-сотди шартномасини тузишда барча истеъмолчиларга тенг имкониятларни яратади.

Агар бозорда устун мавқега эга сотувчида ўзи томонидан ишлаб чиқарилган автомототранспорт воситасини сотишда ички бозордаги талабни қондириш имконияти мавжуд бўлмаганда, бир шахс билан 12 ой давомида автомототранспорт учун иккитадан ортиқ шартнома тузилганда, сотувчи кейинги 12 ой мобайнида ушбу маҳсулот учун қайта шартнома тузишдан бош тортиш ҳуқуқига эга".

Товар ёки молия бозорида устун мавқега эга корхоналар рўйхатида енгилавтомобиллар сотиш бўйича UzAuto Motors устун мавқега эга экани белгиланган.

Аввалроқ UzAuto Motors агар бир шахс номига йилига бир хил модель учун 2 тадан ортиқ автомобиль харид қилинса, ҳар бир кейинги автомобиль «навбатнинг» охирига ўтиши ҳамда автомобилларни етказиб бериш муддати 120 кунга ошишини эслатиб ўтганди.