Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов 17 февраль куни Пайариқ туманидаги 102-мактаб ўқувчиларининг ота-оналари билан учрашиб, фарзанд тарбияси масаласини муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 минг жиноят содир этгани, 50 минг нафар бола мунтазам равишда мактабга бормаётганини айтганди. «Нима учун ҳокимлар ҳар ҳафтада битта мактабга бориб, ўқувчиларнинг шароити ва тарбияси билан шуғулланмайди? Ахир Болалар масаласи бўйича миллий комиссияга ҳокимлар масъул эмасми?», — деганди давлат раҳбари.

Эркинжон Турдимов ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясига масъул эканини айтди. Мактаб ўқувчиларининг чет тиллари ва битта касбни эгаллаши муҳимлигини таъкидлади.

«Энг яхши нарса нима? Фарзанднинг отадан ғурурланиши эмас, отанинг фарзанддан ғурурланиши. Қайси ота-она [мактабга] киряпти? Мактабга кирсин, боласини, ҳеч бўлмаса, чиқартириб сўраса… дарсга қелаётганини, қандай ўзлаштираётганини, касбга ўқиётганини. Касб ўрганишини талаб қилса. „Ўзим-ку бўлмадим, майли, нима бўлсам бўлдим. Энди болам яхши ўқисин. Болам яхши ўқиса, касб ўрганса, тил билса, болам яхши яшайди мендан. Менинг таянчим, суянчим шу болам бўлади…“, деб, болаларимизнинг билимини беришимиз керак-да», — деди вилоят ҳокимлиги раҳбари.

Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи Асқар Умаровнинг айтишича, 2023 йилда вилоятда 191 нафар вояга етмаган болалар жиноят содир этган бўлса, шундан 60 фоизи ўғирлик, 2 таси қотиллик жинояти ҳисобланади. 1283 нафар ўқувчи мактабга мунтазам қатнамайди.

Юқорида тилга олинган йиғилишда президент мактаблардаги 2000 та инспектор-психолог штатини Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардияга ўтказиш бўйича топшириқ берганди. Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраевга икки ой муддатда ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда «ҳуқуқбузарликларга қарши иммунитет»ни ҳосил қилиш тизимини яратиш бўйича топшириқ берганди. Шу тариқа Миллий гвардия мактаблардаги давомат муаммосини ҳал қилишга киришди.

Асқар Умаров ходимларига ўқув жараёнига аралашмаслик, дарс вақтида давоматни текширмаслик бўйича топшириқ берганини айтди. Улар мактаб директори ўринбосарлари тақдим этган рўйхатлар бўйича ишлайди.

Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, фарзанди мактабни ташлаб қўйган ота-оналарга жарима солишдан аввал ўқувчилар дарсга бормаётган вазиятларни тушуниб олиш, уларни ўз парталарига қайтаришга ёрдам беришга ҳаракат қилиш зарур.

Эркинжон Турдимов (чапда).Эркинжон Турдимов (чапда).

Эркинжон Турдимовнинг таъкидлашича, кўпчилик ота-оналар «ҳамма яхши нарсалар меҳмонга» деган тамойил асосида яшаб, «ерда ухлаб ётган» фарзандлари учун яратилган шароитни унутиб қўйишади.

«Гиламнинг яхшиси меҳмонхонада туради. Уйида иккита телевизор бўлса, каттаконини меҳмон кўриши учун меҳмонхонага қўйиб қўяди. Диван-креслони меҳмонхонага қўйиб қўяди, стол-стулни меҳмонхонага қўяди. Бола ерда ётиб олиб, орқасидан „лампочка“ тушади, „лампочка“ турибди, сояда кўзини пирпиратиб дарс қилади. Бу ҳаёт эмас. Болаларингга [энг яхшисини] бер. Болаларинг ерда ётмасин», — деди у.

Ҳоким давом этди: «Меҳмон тагига битта қўй сўймасдан, ўша қўйни сотиб… болангга диван-кровать олиб бер, диван-кроватда ётсин. Диван-кровать олиб бер десанг, „Ота-бобом ётмаган-ку, сен нима қиласан?“, дейди. Ўзи лекин Nexia минади, эшак минмайди».

Эркинжон Турдимов ота-оналарнинг дунёқарашини ўзгартириш зарурлигини таъкидлади.

Аввалроқ узрли сабабсиз дарс қолдираётган болаларнинг ота-оналарига фарзандларининг таълим олишида жавобгар экани тўғрисида огоҳлантириш хатлари юборилаётгани ҳақида ёзган эдик. Шунингдек, нега Миллий гвардия мактаблардаги давоматни текшираётгани тўғрисидаги изоҳлар ҳам эълон қилинган.