16 февраль куни Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги Tashkent Index кўп тармоқли савдо-сотиқ бозори ҳудудидаги соябон автомобиллар устига қулаб тушди, дея хабар берди мажмуа маъмурияти.

Савдо майдонларининг бир қисмида пудратчи томонидан қурилган енгил конструкция (соябон)нинг 50 метрлик қатори об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши, кучли қор ёғиши ва қорнинг оғирлиги оқибатида қулаган.

Унинг остида 35 автотранспорт турган бўлиб, улардан 6 тасининг капот, том, ёки бампер қисмларига шикаст етган. Автомобиль бозорининг реклама департаменти раҳбари Сарвар Авазовнинг айтишича, қулаб тушган енгил конструкцияли соябонларнинг қурилганига 6 ой бўлган.

«Фуқароларда нотўғри фикр уйғонмаслиги учун видео тарқатувчилар холис ахборот тарқатишларини сўраб қолардик. Кўриб турганингиздек, ҳолат видеоларда айтилганидек ваҳимали бўлгани йўқ. Муаммо бартараф этилди», — деди бозор раҳбарияти вакили.

Айни вақтда автотранспорт воситаларининг эгалари билан келишилган ҳолда етказилган моддий зарарни қисқа фурсатларда қоплаб бериш чораси кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалро Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларини қорли ва совуқ кунларда кўчада эҳтиёткорлик билан ҳаракатланишга, бинолар томидан тушиши мумкин бўлган қор ва музлардан эҳтиёт бўлишга чақирганди.