16 февраль куни Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятидаги маҳаллаларни мева-сабзавот, чорвачилик, ҳунармандчилик, касаначилик, саноат, савдо ва хизматга чуқур ихтисослаштириш бўйича дастур амалга оширилишини маълум қилди. Давлат раҳбари бу ҳақда Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан Хонобод шаҳрида ўтказилган йиғилишда гапириб ўтди.

Бу мақсадларга 850 млрд сўм кредит ресурслари ва 50 млрд сўм субсидия ажратилади.

Йиғилишда, шунингдек, қурилиш, сув таъминоти, йўл, кўча ва маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини янги босқичга кўтариш ва бу борада Андижон тажрибасини яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, президент Андижон вилояти саноати йирик корхоналарга боғланиб қолганини айтди.

«Унинг 70 фоизини Андижон шаҳри ва Асакадаги машинасозлик корхоналари беряпти. Вилоят экспортининг 82 фоизини, тайёр маҳсулотларда — 76 фоизини тўқимачилик бермоқда. Самарқанд билан бир хил миқдорда мева-сабзавот етиштирадиган Андижон 5 баробар кам экспорт қилади. Меҳмонхона ўринларини 90 фоизи ҳам битта Андижон шаҳрида», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев эскича ишлаш билан узоққа бориб бўлмаслигини, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ўзгариши кераклигини қайд этиб ўтди.