Япония 2023 йил охирига келиб, ички истеъмол заифлашуви туфайли юзага келган кутилмаган инқироз шароитида дунёнинг учинчи йирик иқтисодиёти сифатида Германияга йўл очиб берди, дея CNN нашри хабар бермоқда.

Мамлакат ялпи ички маҳсулоти сўнгги уч ойда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,4 фоизга қисқарди, дея таъкидламоқда телеканал. Учинчи чоракда ҳам пасайиш қайд этилди. Одатда кетма-кет икки чорак иқтисодий таназзул кузатилса, унга репрессия сифатида қаралади.

Япониянинг ўтган йилги номинал ЯИМ ҳажми 4,21 триллион долларни ташкил этди, дея Япония ҳукумати маълумотларига таяниб, AP аниқлик киритмоқда. Германиянинг номинал ЯИМ ҳажми 2023 йилда тахминан 4,4 триллион долларни ташкил этди.

Япония иқтисодиётининг ярмини ташкил этувчи хусусий истеъмол ҳажми озиқ-овқат, ёқилғи ва бошқа товарлар нархи ошгани ҳисобига 0,9 фоизга камайди. Япония ўзининг ёқилғига бўлган эҳтиёжининг 94 фоизини ва озиқ-овқатнинг 63 фоизини чет элдан импорт қилади, шунинг учун мамлакат иенасининг заифлашиши яшаш нархининг сезиларли даражада ошишига олиб келади, дея CNN`га Japanmacro стратеги Нил Ньюман тушунтириш бермоқда.

«Афсуски, январь ойида Япония денгизидаги зилзиладан кейин вазият янада ёмонлашди. Одамлар табиий офатлар пайтида пул сарфлашни тўхтатади», — дея огоҳлантирмоқда иқтисодчи.

Reuters агентлигининг таъкидлашича, бозорда кўпчилик Япония банки апрель ойида салбий ставкалардан воз кечишини кутмоқда. Мамлакат иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва ташқи қарзлар бўйича тўловларни енгиллаштириш учун 2016 йилда салбий фоиз ставкалари сиёсатидан фойдаланишни бошлаганди.

  • 1 январ куни Япониянинг Ишикава шаҳрида 7.6 магнитудали зилзила содир бўлганди. Табиий офат жиддий вайронагарчилик ва ёнғинларга олиб келган. 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди ва 1000 дан ортиқ киши жароҳат олди.
  • АҚШ ва Хитой иқтисодиёти дунёдаги энг йирик иқтисодиётлар рейтингида мос равишда биринчи ва иккинчи ўринларни эгалламоқда.