Японияда 1 январь куни содир бўлган кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 126 кишига етди, камида 516 киши жароҳат олди, деб хабар берди NHK телеканали.

7,6 магнитудали зилзила мамлакат ғарбий соҳилидаги Ишикава префектурасида жойлашган Ното яриморолида юз бериб, кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлди. 66 мингга яқин уй сувсиз қолди, яна 23 мингтаси электр энергиясидан узилди.

Ҳозирда 30 мингга яқин одам эвакуация марказларига жойлаштирилган, дея қайд этди Kyodo агентлиги. Магистраль йўллар бузилгани сабабли ҳукумат инсонпарварлик ёрдамини етказишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Яна камида 210 нафар маҳаллий аҳоли бедарак йўқолган. Япония мудофаа кучлари қутқарув операцияларида қатнашаётган ҳарбийлари сонини икки баробарга оширди. Ҳозирда улар 5400 кишини ташкил қилмоқда, деб ёзади Kyodo.

Қутқарувчиларнинг тахминича, кўплаб одамлар қулаган уйлар остида қолиб кетган — асосан Сузу ва Вадзима шаҳарларида. 72 соатли «имконият ойнаси» — фалокатдан кейинги дастлабки уч кун шундай аталади, бу кунларда вайроналар остидаги омон қолганларни топиш эҳтимоли юқори бўлади — 4 январь кечаси ниҳоясига етди, дея аниқлик киритди BBC.

Расмийлар ҳафта охирида кутилаётган ёмғирли об-ҳаво зилзиладан жабр кўрган ҳудудлардаги вазиятни ёмонлаштириши ва кўчкилар келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирган.