Тармоқларда Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги интернат тарбиячиси ўқувчини ураётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирар экан, буни ўз назоратига олганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, видеодаги воқеа тумандаги 5-сонли мактаб-интернатда 2023 йил октябрь ойида содир бўлган. Тарбиячи Д.М. 2013 йилда туғилган С.М.нинг юзига тарсаки туширган.

«Интернат шаклидаги мактабларда таҳсил олаётган болалар тарбиячиларининг янада кўпроқ эътибори ва ғамхўрлигига муҳтож бўлса-да, айнан ана шу вазифа юклатилган инсонларнинг ўзи болага бундай номақбул муносабатда бўлишини ҳеч қандай ҳолатда оқлаб бўлмайди», — дейилади омбудсман муносабатида.

Қўшимча қилинишича, бундай фактларга нисбатан мутлақо муросасиз бўлиб, бу каби ҳаракатларга йўл қўйган шахслар қатъий равишда қонун доирасидаги жавобгарликка тортилиши шарт.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.