Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари — Шаҳноза Холмахматова ҳамда Гулруҳ Агзамова Facebook`даги шахсий саҳифаларида «ўзини „профессионал коуч“, „мураббий“, „психолог“ сифатида кўрсатишга уринаётган чаласавод марафончилар» фаолиятини тартибга солиш зарурлигини таъкидлаб, бу борадаги фикрларини баён этди.

Қуйи палатанинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Шаҳноза Холмахматова одамларни сохта мотиваторлар учун пулини беҳуда сарфламасликка чақирди.

«Бозор иқтисодиёти шароитида ғоя, ахборот ҳам моддий қийматга эга воситалардан саналади. Зотан, билимга эга шахс ўзининг интеллектуал салоҳияти туфайли каттагина даромад топиши мумкин. Бизнинг ахборот, билимлар асримизда эса ақлий меҳнатга ҳақ каррасига ошиб кетди. Бу табиий, албатта, ва, ўйлайманки, тараққиёт аломати. Устозлар, мураббийлар, илм эгаларининг билими, меҳнати тиллога тенг. Лекин, минг афсус, бугун ижтимоий тармоқларда 2−3 та китобни ўқиб-ўқимай, ўзини „профессионал коуч“, „мураббий“, „психолог“ сифатида кўрсатишга уринаётган чаласавод марафончилар ҳам кўпайиб кетди», — деб ёзди у.

Депутатга кўра, билимини бошқаларга ўргатишга бел боғлаган, ўз ишининг усталарининг номига доғ тушираётган сохта тренерлар фаолияти ҳаммани ўйлантириши керак.

депутат аёллар, психология

«Қонунчилигимизда интернетдаги „коуч“, „психолог“ фаолиятини тартибга соладиган норма йўқ. Нотариус, адвокат, риэлтор ва бошқа турли-туман касб эгалари учун қонунларда аниқ талаблар белгиланган. Лекин инсоннинг энг нозик тарафи бўлган қалби, онги билан ишлаётган, уни даволайман деб иддао қилаётган шахслар малакасига нимага қонуний талаблар жорий қилинмаслиги керак? Бундайлар одамлар онгига зарарли ва заҳарли, бузғунчи ғояларни сингдираётгани аниқланган тақдирда, қандай йўл тутилади? Ёки ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган маълумотлар билан содда одамларни алдаб юрган бўлишса-чи? Пулларини олиб, ўзларини эса умуман таги йўқ „билимлар“ билан боқиб юрган фирибгарларга наҳот чора кўролмасак?» — дейди Холмахматова.

Депутат истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида «мотиваторлар», «психологлар» фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш кераклигини таъкидлади. «Бундай қонунчилик ҳужжатлари, шубҳа йўқки, истеъмолчилар учун ҳам, ушбу хизматларни кўрсатувчилар учун ҳам манфаатли бўлади», — деди у.

Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси Гулруҳ Агзамова ҳамкасбининг фикрларини қўллаб-қувватлаши ҳамда «инфолўттибоз»ликни тартибга солиш зарурлигини қайд этди.

депутат аёллар, психология

«Ҳақиқатан, бугун интернет ва ижтимоий тармоқлар ёки шахсий қабуллар ва оммавий учрашувлар орқали одамлар билан ўз билимларини ўртоқлашаётган машҳур бизнесменлару профессионал психологлар, лингвисту дастурчилар меҳнатини қадрлаймиз ва олқишлаймиз. Бироқ ҳозирги ахборот замонида бўлар-бўлмас, ҳеч қандай илмий асосга эга бўлмаган ғояларни тарқатиш орқали одамларни алдаш, сохта психологлик ёки бошқача маслаҳатлар бериш билан шуғулланадиганлар кўпайиб қолди. Халқимизни алдаб пулини ўмараётган, фарзандларимиз онгини заҳарлаётган сохта психологу-тренерларга қарши курашишимиз лозим», — деб ёзди у.

Депутатга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда психолог хизматига талаб ошиши натижасида малакали психологлар билан бир қаторда 2−3 ойлик ўқув курсларини тугатиб фаолият юритаётган сохта «психологлар» сони ҳам ошмоқда. «Улар психологияни ижтимоий фойдали воситага эмас, балки даромад топиш, яъни ўз шахсий манфаатлари йўлида бизнес қилиш воситасига айлантирмоқда», — деди Гулруҳ Агзамова.

«Ушбу шахслар аҳолининг ишонувчанлигидан фойдаланган ҳолда ижтимоий ҳаётдаги оғриқли нуқталарни юзага чиқариш ва муҳокама қилиш орқали уларни жамиятдаги муайян жараёнларга фикрини тубдан ўзгартириш ва манипуляция қилишга ҳаракат қилишмоқда. Мазкур жараёнда улар яхшигина даромад олишни кўзлашади, албатта. Айрим ҳолатларда ушбу шахслар ҳар бир жамиятда нозик мавзу ҳисобланган „жинсий тарбия“ ниқоби остида турли контентлар орқали аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ахлоқий бузуқлик ҳаракатларини тарғиб қилмоқда. Ваҳоланки, қайд этилган шахсларда ўзи тарғиб қилаётган масалалар бўйича билимини тасдиқловчи тегишли ҳужжати (диплом, сертификат, лицензия ва шу кабилар) мавжуд эмас», — деган у.

Гулруҳ Агзамова қонунчиликда психологик фаолияти, психолог кимлиги, унга қандай малака талаблари қўйилиши, турли мавзуларда семинар-тренинглар қай тарзда ўтказилишига оид масалаларга аниқ ва қатъий талаблар белгилаш вақти келганини билдирди.

«Албатта, улар ўз „маҳсулотларини“ мижозларга, яъни тингловчиларга мажбурлаб ўтказгани йўқ. Катталар-ку, майли, ақли етар, оқ билан қорани ажратиб олар, аммо ёшларимизнинг ҳали шаклланмаган онгига бундай нарсалар салбий таъсир кўрсатиши муқаррар. Инсонлар руҳиятига салбий таъсир қилувчи ва уни издан чиқарувчи ментал воситалардан фойдаланиш босқичма-босқич жамият деградациясига олиб келиши, юртимизда шаклланган оила қадриятларига путур етказиши, ёшларда салбий эгоистик фикрлаш кўникмаси шаклланишига шароит яратилишига олиб келиши мумкин», — деди депутат.

Унинг қўшимча қилишича, бу йўналишдаги фаолият ҳуқуқий томондан тўлиқ тартибга солинмагани, соҳадаги субъектларнинг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятларининг ҳуқуқий доираси белгиланмагани мазкур салбий ҳолатлар вужудга келишига замин яратмоқда.