11 февраль куни соат 23:40 атрофида Қамчиқ довонининг Наманган вилояти Поп туманидан ўтган ҳудудида DAF ва Isuzu юк машиналари ўртасида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Қайд этилишича, халқаро аҳамиятдаги А-373 автомобиль йўлининг 222-километрида 41 ёшли ҳайдовчи К.Й. DAF юк автомобилини (енгил автомобилларни ташувчи) бошқараётиб ҳаракат хавфсизлигини таъминламасдан, йўлнинг хавфли бурилиш қисмида бошқарувни йўқотган.

Сўнгра қарама-қарши йўналишни ажратиб турувчи тўсиққа урилиб, қаршисидан келаётган 32 ёшли ҳайдовчи Ж.А. бошқарувидаги Isuzu юк автомобили билан тўқнашган.

Оқибатда иккала ҳайдовчи ҳамда уч нафар йўловчи тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этган. ЙТҲ вақтида DAF юк транспорт воситасига ортилган бир қанча енгил автомобиллар пастликка тушиб кетган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.