Президент 9 август куни «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, «Меҳрибонлик» уйлари (16 та, 1 541 нафар бола), Болалар шаҳарчалари (4 та, 236 нафар бола), оилавий болалар уйлари (5 та, 46 нафар бола) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг Болалар уйларини (13 та, 506 нафар бола) Миллий гвардияга бириктирилади. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган «SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмасининг болалар маҳаллалари билан ҳамкорлик ўрнатади.

Ушбу чора етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш, уларнинг баркамол авлод сифатида шаклланиши ҳамда ижтимоий мослашувини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинмоқда.

Миллий гвардияга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилмоқда:

  • ўқув-тарбия муассасаларининг тарбияланувчиларини ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ёки ҳомий тайинлаш, фарзандликка бериш ва жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш чораларини кўриш;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни моддий, ҳуқуқий ва психологик-педагогик қўллаб-қувватлаш;
  • ўқув-тарбия муассасаларида сифатли таълим ва тарбия жараёнини йўлга қўйишга, уларнинг маиший шарт-шароитлари яхшиланишига, шунингдек, тарбияланувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятларини ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ташкил этиш;
  • замонавий усул ва шакллардан фойдаланган ҳолда жисмонан соғлом, маънавий етук ва дунёқараши кенг ёшларни шакллантириш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни спорт турларига қизиқтириш ва жалб этиш.

Миллий гвардия таркибида тарбия муассасалари фаолиятини ташкил этишга масъул бўлган Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари лавозими ва Жамоат хавфсизлиги университетида ёшлар билан ижтимоий ишлаш кафедраси ташкил этилмоқда.

Оилавий болалар уйлари ва Болалар уйларига ҳамда васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) 25 ёшга тўлмаган етим болаларга Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчи ва ходимлари бириктирилади.

Бириктирилган ҳарбий хизматчи ва ходимлар васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда бир ойда камида бир маротаба етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар билан суҳбатлар ўтказиш асосида уларнинг таълим-тарбия олиш аҳволини ва маиший шарт-шароитларини ўрганади.

Халқ таълими вазирлиги икки ой муддатда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тарбия бериш, уларни фан, ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, бошланғич ҳарбий тайёргарлик ва спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича янги тизимни амалиётга татбиқ этиш вазифаси топширилди. Қолаверса, ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчилари ўртасида улар томонидан эришилган натижаларни баҳолаш орқали ўқув-тарбия муассасаларининг рейтинг тизими жорий қилинади.

Ўқув-тарбия муассасалари ва Тошкент шаҳридаги Инха университети, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, IT-парклар билан ўзаро алоқалар ўрнатишини таъминланади ва улар томонидан ўқув курслари ташкил этилади.

Ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларини ҳар йили камида 2 маротаба ўқишдан бўш вақтларида Ўзбекистон бўйлаб саёҳатга олиб чиқиш ҳам режалаштирилмоқда. Саёҳат ҳаражатлари бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари, улар учун якка кураш, от спорти, футбол, сузиш, теннис, шахмат каби спорт турлари бўйича спорт тўгаракларини ташкил этилади.

«Меҳрибонлик» уйлари ва Болалар шаҳарчалари зарур спорт анжомлари (болаларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитларни яратган ҳолда), 20 тадан замонавий компьютер тўплами (узлуксиз тезкор Интернет тармоғига улаган ҳолда), тикувчилик, ошпазлик, қандолатчилик ва бошқа соҳадаги тўгаракларни ташкил этишга ихтисослашган хоналарнинг зарур моддий-техник базаси ҳамда автобуслар ва микроавтобуслар билан таъминланади. Бунга маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 13,4 млрд сўм ажратилади.

Амалиётда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка оладиган оилаларда тарбиялашни рағбатлантириш амалиётини жорий этиш ҳисобига ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланувчиларни босқичма-босқич фарзандликка, васийликка оладиган оилаларда тарбиялашга ўтказиш чоралари кўрилади. Сенат болаларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг сабабларини ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш билан шуғулланади.

Ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича «Меҳр дафтари» тизими ҳаётга татбиқ этилади. 1 ноябрдан тизим доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни молиялаштириш учун ҳокимликлар томонидан «Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади.

2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумидан ажратмалар миқдори 5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилади. Ушбу ажратмалар бюджетга тўланадиган солиқ ва йиғимларга тенглаштирилади, улар солиқ органлари томонидан ундирилади ва импорт қилинадиган алкоголь маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Шу тарзда «Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг маблағлари ҳомийлик маблағлари, 2022 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг 3 фоизи миқдоридаги ажратмалар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларнинг таълим-тарбияси, уларни балоғатга, турмушга тайёрлаш ишларига масъул этиб белгиланмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳар йили камида икки маротаба ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланаётган, васийликка, ҳомийликка ва оилага тарбияга олинган (патронат) қизларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиб боради. Қолаверса, патронат қизларни «Меҳр дафтари»га киритиб, уларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал қилишга ҳамда ўқув-тарбия муассасаларидан кейинги ҳаётида ўз ўрнини топишига ҳар томонлама кўмаклашади.

Халқ таълим вазирлиги ва Миллий гвардия тавсиясига биноан ҳар йили 25 нафар ўқув-тарбия муассасалари тарбиячилари Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда бепул даволанишга юборилади.

Ҳужжатга кўра, Тошкент вилояти Чиноз туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактаби ушбу тумандаги 39-сон умумий ўрта таълим мактаби биносига, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси Чиноз туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактаби биносига кўчирилади.

Эслатиб ўтамиз, юқорида қайд этилганлар президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентдаги 21-сонли Меҳрибонлик уйига ташрифи ва ундан кейин ўтказилган видеоселектор йиғилишида таклиф этилган эди.