Давлат хавфсизлик хизмати транспорт соҳасида ўтказган тезкор-қидирув тадбирларида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқлагани ҳақида хабар берди.

Маълум қилинишича, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси Анвар Жўраев, бош муҳандис Абдужамил Азизов ҳамда 1 ва 8-автобус саройи филиаллари раҳбарлари Д.Тошполатов ва Бекзод Ибрагимовлар ўзаро тил бириктириб, автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар, ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилиш йўли билан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етказган.

Аввалроқ фақат Анвар Жўраевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгани хабар қилинганди.

Ҳозирда ДХХ Тергов бошқармаси «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатган.

Корхона раиси ва бош муҳандиси ҳамда 1 ва 8-автобус саройи филиаллари раҳбарларига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Маълумот учун, Анвар Жўраев 2017 йилда «Тошшаҳартрансхизмат» бошқаруви раиси, шунингдек, Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари этиб тайинланганди. Бунгача у 3- ва 2-сонли автобус саройи раҳбари лавозимларида ишлаган. 2018 йилда унга пойтахт транспорт бошқармаси бошлиғи, 2019 йилда эса яна ТШТҲ раҳбари вазифасини бажариш юклатилган.