2024 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли бўлган автомобиллар сони 4 млн 20 минг 744 тани ташкил этди, дея хабар берди Статистика агентлиги.

Кўрсаткич бир йил аввалгига нисбатан 383 минг 625 тага ёки 10,5 фоизга ошган (2023 йилнинг 1 январь ҳолатига 3 млн 637 минг 119 тани ташкил этганди).

Аҳолига тегишли жами автотранспорт воситалари уларнинг турлари бўйича қуйидагича тақсимланган:

  • енгил автомобиллар — 3 759 045 та (2023 йилда 3 396 520 та, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 362 минг 525 тага ёки 10,7 фоизга кўпайган, жами автомобилларнинг 93 фоизи);
  • юк автомобиллари — 240 917 та (219 628 та);
  • автобуслар — 6 297 та (6666 та);
  • микроавтобуслар — 9 102 та (8961 та);
  • махсус транспортлар — 5 383 та (5344 та).

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистонга 73 мингдан ортиқ автомобиль импорт қилинган, бу аввалги йилга нисбатан 2,4 баробар кўп. Хитойдан автомобиль олиб келиш ҳажми эса 5,2 баробар ошган. Импорт қиймати қарийб 1,8 млрд долларга етган.

Шунингдек, мамлакатда 2023 йилнинг январь-ноябрь ойларида 355,2 минг дона ёки 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 25,9 фоизга кўп автомобиль, энг кўп Cobalt автомобили ишлаб чиқарилган (104,6 мингта). Шунингдек, Chery ишлаб чиқариш кескин ўсди ва автобуслар ишлаб чиқариш импортнинг кўпайиши фонида камайди.