2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистон енгил автомобиллар импортини 73 204 донага етказди. Бу ҳақда «Газета.уз»га Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги хабар берди.

Бу 2022 йилдаги кўрсаткичдан (30 388) 2,4 баробар кўп. Аввалги йилларда автомобиллар импорти секинроқ суръатларда ўсган: 2022 йилда — 12,7 фоизга, 2021 йилда — 5,2 фоизга.

Импорт ҳажми қарийб 1,8 миллиард долларга етди, бу 2021 йилга (588,2 миллион доллар) нисбатан 2,9 баробар кўп ҳисобланади.

Умумий импортнинг 79,3 фоизи (58 078 та автомобиль) Хитой ҳиссасига тўғри келади. Ушбу мамлакатнинг улуши олдинги йилларга нисбатан кескин ошди: 2021 йил — 32,8 фоиз, 2022 йил — 36,9 фоиз.

Жанубий Корея, АҚШ, Германия ва Япониядан автомобиллар импорти ҳам ортиб бормоқда, бироқ уларнинг умумий ҳажмдаги улуши камаймоқда.

Бундан ташқари, Ҳиндистон 2023 йилда асосий етказиб берувчилар қаторига кирди. Ўтган йилларда кучли бешликдан жой олган Россия ва Қозоғистон эса «бошқа давлатлар» тоифасигача тушди.

2021−2023 йилларда автомобил импорти


Мамлакат/йил
2021
2022
2023
1
Хитой
8880
11 159
58 076
2
Корея
6472
9414
11 481
3
Россия
4539
1499

4
Қозоғистон
4470
7208

5
Польша
1204


6
АҚШ
490
555
2210
7
Литва
428


8
Таиланд
250


9
Германия
115
125
228
10
Япония
97
157
419
11БАА

128
64
12
Гонконг


454
13
Ҳиндистон


65
14
Буюк Британия


49
15
Бошқа давлатлар
122
143
158
Жами
27 067
30 388
73 204
Сумма588,2 миллион доллар

1,7 миллиард доллар

Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, сўнгги уч йилда Ўзбекистонда электромобиллар савдоси 10 баробар ошган, 2023 йилда автомобиль импортининг 35 фоизини электромобиллар ва гибрид автомобиллар ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 январдан бошлаб янги импорт қилинган автомобилларни нафақат корхоналарнинг расмий дилерларига, балки бошқа импорт қилувчиларга ҳам сотишга рухсат берилган. Шундан сўнг турли компаниялар ва жисмоний шахслар автомобилларни хориждан — асосан Хитойдан олиб келишни бошлаган.

Масалан, реклама сайтларида фуқароларга 1,5 литр двигателли Chevrolet Monza автомашинасини Ўзбекистонга 17−19 минг долларга (божхона тўловлари ва етказиб беришни ҳисобга олган ҳолда) 15−20 кун ичида етказиб бериш таклиф қилинмоқда. Худди шундай таклифлар электромобиллар учун ҳам пайдо бўлди.

Ўтган йил охирида ҳукумат автомобиллар ва электромобилларни олиб кириш қоидаларини кучайтиришни муҳокама қила бошлаганди. 2024 йилдан бошлаб жисмоний шахсларга тижорат мақсадларида автомобиль олиб киришни тақиқлаш режалаштирилган эди. Бундан ташқари, янги хорижий автомобилларни фақат расмий дилерлар орқали сотиш тартибига қайтиш таклиф этилган. Ушбу нормалар ҳали қабул қилингани йўқ.