9 февраль куни соат 08:30 атрофида Тошкент шаҳри Чилонзор туманида Yutong ва King Long русумли автобуслар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 131-сонли автобус (King Long) ҳайдовчиси Х.Д. автобусни «Чилонзор метроси» бекатига тўхтаётган вақтида шу бекатда тўхтаб йўловчи тушираётган 99-сонли автобус (Yutong) билан ёнлама оралиқ масофани сақламаган. Оқибатда 131-автобуснинг ўрта бўғин қисми ойнаси ҳамда 99-автобуснинг чап томон орқани кўриш ойнасининг корпус қисми билан бир-бирига тегиши сабабли енгил шикастланган.

Тўқнашувда тан жароҳати олганлар йўқ. Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси 99-сонли автобус ҳайдовчиси Т.Б айби билан содир этилган.

Ҳозирда мазкур ЙТҲ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган, дейилади хабарда.

Икки кун аввал Яшнобод туманидаги бекатда ҳам 28- ва 44-сонли автобуслар тўқнашиб кетганди. Оқибатда бирининг ўрта эшик қисми, бошқасининг эса чап томон орқани кўриш ойнаси корпус қисми шикастланган.

Аввалроқ Юнусобод туманидаги бекатларнинг бирида 51-сонли электробус ва 2М-сонли King Long автобуси тўқнашганди. Йўловчилар орасида жароҳат олганлар йўқлиги ва ҳодиса юзасидан хизмат текшируви тайинлангани хабар қилинган.