Telegram`даги Tashkent Land каналида 2 та Yutong электробуслари ўзаро тўқнашгани ҳақида пост эълон қилинди. «Тошшаҳартрансхизмат» воқеа ҳақида маълумот тақдим этди.

Қайд этилишича, ҳолат 7 февраль соат 11:00 ларда рўй берган. Унда «1-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги 28-сонли автобус ҳайдовчиси Х.А. автобусни Яшнобод тумани Махтумқули кўчаси бўйлаб бошқариб келиб, «Успенский номидаги мусиқа мактаби» бекатига тўхтатган.

У шу бекатда тўхтаб йўловчи тушираётган «5-автобус саройи» филиали тасарруфидаги 44-сонли автобус билан ёнлама оралиқ масофани сақламаган. Оқибатида 28-сонли автобуснинг ўрта эшик қисми ҳамда 44-сонли автобуснинг чап томон орқани кўриш ойнасининг корпус қисми билан бир-бирига тегиб қирилган. Содир этилган тўқнашувда ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган.