Республика тез тиббий ёрдам марказининг автопарки Jizzakh Auto компанияси томонидан йиғилган яна 30 та Volkswagen Caddy автомашинаси билан тўлдирилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Автомобиллар тез тиббий ёрдам марказининг Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм филиалларига мавжуд эҳтиёжга қараб тақсимланади. Натижада тизимдаги бундай автотранспорт воситалари сони жами 800 дан ошади.

Ушбу автомобилларни етказиб бериш 2021 йил сентябрь ойида бошланган. Ўша йилнинг май ойида президент октябрга қадар вилоятларга 1000 та Volkswagen Caddy автомобилини етказиб беришни топширган.

Ўтган йил бошида «103» хизматда 2938 та тез тиббий ёрдам машинаси борлиги, улардан 648 таси ёки 22 фоизи янгиланишга муҳтожлиги маълум қилинган. Машиналарнинг аксарияти — 2082 таси Damas бўлиб, мамлакатда улардан ушбу мақсадда фойдаланиш босқичма-босқич тўхтатилмоқда. Шунингдек, хизматда 244 Hyundai, 228 Ford, 145 Volkswagen Caddy ва бошқа автомобиллар мавжуд эди.

2023 йил давомида тез тиббий ёрдам марказига жами 685 дона Volkswagen Caddy топширилган. Шундай қилиб, ушбу русумдаги тез ёрдам машиналарининг умумий сони ҳозир 800 донадан ошади.

Март ойига қадар ҳудудларга яна 170 та машина етказиб бериш режалаштирилган, дейилади ССВ хабарида.