Ўзбекистон президентининг тегишли фармонига асосан Шухрат Мухамаджанович Садиков бош вазир котибияти раҳбари лавозимига тайинланди, дея хабар бермоқда бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов.

Шуҳрат Садиков 1969 йилда туғилган. 2018 йилнинг августидан 2021 йилнинг ноябригача ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида ишлаган.

У Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Telegram ва бошқа бир қатор оммабоп интернет платформалари, жумладан, YouTube, Instagram, Facebook, Odnoklassniki`нинг Ўзбекистондаги фаолиятини чеклаб қўйганидан сўнг ушбу лавозимдан озод этилганди.

2017−2018 йилларда президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги раҳбари бўлган. Бунгача — 2010 йилдан — Вазирлар Маҳкамаси Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган. 2006−2008 йилларда «Ўзбектелеком» компанияси бош директори ўринбосари, 2008−2010 йилларда мазкур компанияга раҳбарлик қилган.

Янги лавозимда у Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси бўлган Абдурашид Жўрабоев ўрнини эгаллади. Садиков бунга қадар котибият раҳбарининг ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.