Тапил Равшанович Маҳамадзияев 6 февраль куни Тошкент шаҳри Бектемир тумани ҳокими лавозимидан озод этилди. Бу ўзгариш пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқовнинг қарорида келтириб ўтилган.

Маҳамадзияев 1976 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Маълумоти олий. У Бектемир туманига 2021 йил 15 июндан буён ҳокимлик қилиб келаётганди.

Ҳокимликка раҳбар бўлишдан илгари ФВВ Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва уларда ҳаракат қилиш давлат тизими ҳамда фуқаро муҳофазасининг ташкилий таъминоти ва режалаштириш бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни бош вазирга йил давомида аукционга умуман ер чиқармаган 8 та туман ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини ҳал қилиш топширилганди. Улар орасида Бектемир тумани раҳбари номи ҳам келтирилганди.

Ўз навбатида, Бектемир ҳокими вазифасини вақтинча бажариш туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Фатҳулла Нигмановга юклатилди.