Ўзбекистон президенти 9 ноябрь куни тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Унга кўра, давлат томонидан тадбиркорлик фаолияти фақатгина қуйидаги воситалар орқали тартибга солинади:

  • тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш;
  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг айрим турлари бўйича лицензиялаш, рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомилларини жорий этиш;
  • техник жиҳатдан тартибга солиш;
  • тариф ва нотариф тартибга солиш;
  • қонунда белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш;
    давлат назорати;
  • рақобатни ҳимоя қилиш;
  • қонун билан тадбиркорлик субъектлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини ўрнатиш;
    ҳисоботларни жорий этиш;
  • ўзини ўзи тартибга солувчи ташкилотга аъзолик (иштирок этиш) асосида ўзини ўзи бошқаришни жорий этиш.

Қонунлар билан тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишнинг бошқа воситалари ҳам белгиланиши мумкин.

Ҳужжатга кўра, тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш воситалари тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган товарлар, бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматларнинг инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини, унинг қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фақат норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида жорий этилади.

Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ёки техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат ҳисобланмаган ҳужжатларда белгиланган тартибга солиш воситалари ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

2023 йил 1 январдан қуйидаги талаблар бекор қилинади:

  • тадбиркорлик субъектининг устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда кредиторларни ёзма равишда хабардор қилиш ва оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида эълон бериш;
  • янги импорт автомобилларини сотиш фақат юридик шахслар -ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилиши;
  • электр энергиясини электр таъминоти шартномасида белгиланган ҳажмлардан (ойлик шартномавий миқдордан) ортиқча истеъмол қилган юридик шахсларга электр энергияси етказиб беришни тўхтатиб қўйиш;
  • якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ходимларни Ягона миллий меҳнат тизимида ҳисобга олиш орқали давлат солиқ хизмати органларида алоҳида ҳисобга қўйиш.

Шунингдек, 2023 йил 1 мартдан:

  • солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилади;
  • ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча юридик шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИЖХП) орқали тижорат хизматларини кўрсатишга рухсат берилади. Бунда, ЯИЖХП орқали нодавлат хизматлар кўрсатиш тартиби Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан белгиланади;
  • Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан амалга ошириладиган бир шартнома суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 3500 баравари ва ундан юқори бўлган давлат харидлари бўйича буюртмалар тўғридан-тўғри шартномалар асосида бажарилишига йўл қўйилмайди;
  • вазирлик (идора, муассаса) ва унинг таркибидаги ташкилот (муассаса) ўртасида қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 3500 баравари ва ундан юқори бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилиниши тақиқланади.

Фармон билан бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигида тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтириш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилади.

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш — ишчи гуруҳининг асосий вазифаларидан бўлади. Ягона реестр тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш воситалари бўйича ўрнатилган барча талаблар, уларнинг муддатлари, улар билан боғлиқ молиявий харажатлар, талабларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар, назорат қилувчи органлар, текширув шакллари ҳамда жавобгарлик чораларини ўз ичига олади.

Адлия вазирлиги Ягона реестрнинг оператори ҳисобланади. Ягона реестр 2025 йил 1 июлдан бошлаб тўлиқ ишга туширилади. Биринчи босқичда (2023 йил) — қурилиш, савдо, умумий овқатланиш, таълим ва транспорт соҳаларидаги мажбурий талаблар рўйхати, иккинчи босқичда (2024−2025 йиллар) — барча соҳалардаги мажбурий талаблар рўйхати шакллантирилади.

Ягона реестрга киритилмаган мажбурий талабларни бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмайди, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Ягона реестрга киритилмаган мажбурий талабларнинг бажарилишини текшириш тақиқланади.

Фармон билан тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайлик яратиш ҳамда соҳадаги бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди. Бироқ бу режа ҳозирча эълон қилингани йўқ.