Ўзбекистонда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янада кўпроқ имтиёзлар бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги ҳукумат комиссиясининг 25 декабрдаги 118 сонли баённомасида кўзда тутилган («Газета.uz»да унинг нусхаси мавжуд).

Хусусан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси ва «Ўэлтехсаноат» уюшмасига икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар назарда тутилган таклифларни киритиш топширилди:

  • электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг маркетинг тадқиқотлари ва рекламага доир харажатларни фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан 2 коэффициент қўлланилган ҳолда чегириш;
  • йирик аудитор ва рейтинг агентликларини соҳада маркетинг ва аудиторлик ўрганишлар олиб бориш билан боғлиқ ҳаражатларни қоплаш;
  • электротехника тармоғи корхоналари, жумладан, сервис хизмати кўрсатиш корхоналари ўз хизматларини бозор нархларидан паст қийматда амалга оширган тақдирда, истисно тариқасида солиқ оқибатларига олиб келмаслик;
  • электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига солиқ ва божхона ҚҚСларини кечиктириб тўлашда уларга ҳисобланадиган Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидаги фоизларни қўлламаган ҳолда тўлаш муддатларини 180 кунгача кечиктириб тўлаш механизмини жорий этиш;
  • хорижий тажрибадан келиб чиқиб, маиший техника воситаларини мамлакатимизга импорт қилишда махсус божхона божларини (антидемпинг божлари — ўртача 10 фоизлик) жорий этиш;

Бундан ташқари, электротехника соҳасида муддати тугаётган амалдаги солиқ ва божхона имтиёзлари муддатларини ўтиш даврини ҳисобга олган ҳолда 2027 йил 1 январга қадар узайтириш бўйича тегишли таклифлар тайёрлаш топширилди.

Йирик хорижий савдо тармоқларига кечиктириб тўлаш шарти асосида маҳсулот экспорт қилишда электротехника саноати корхоналари томонидан хорижий давлатларда «факторинг» ва «валюта курсини хедж қилиш» хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш механизмини жорий этиш бўйича таклифлар киритилади.

Шунингдек, республикада ишлаб чиқарилмайдиган электротехника саноати корхоналари учун экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун импорт қилинадиган бутловчи қисмлар ва хомашёларни импорт қилишдаги транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини ишлаб чиқарувчи экспортёрларга ёки халқаро транспорт юк ташувчи корхоналарга компенсация қилиш тизимини жорий этиш сўралди.

Шу билан бирга, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Солиқ қўмитаси билан биргаликда 2017−2022 йиллар мобайнида тадбиркорларга тақдим этилган солиқ имтиёзларини қўллаш (мақсадли ёки мақсадсизлиги) бўйича ўрганиш ўтказиб, Вазирлар Маҳкамасига тегишли хулоса киритиш топширилди. Гап инвестициялар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 3 йилдан 7 йилгача муддатга электротехника саноатида янги ташкил этилаётган корхоналарга бериладиган имтиёзлар (корпоратив даромад солиғи, мол-мулк солиғи, чегирмалар ва бошқалар) ҳақида кетмоқда.

Бундан ташқари, экспортчи корхоналар кўргазма-ярмарка тадбирларида ўз ташаббуси ва маблағлари ҳисобидан қатнашган ҳолларда ҳам уларнинг харажатлари Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилиши ҳамда экспортчи корхоналар томонидан электротехника маҳсулотларига барча турдаги ҳудудий ва хорижий мамлакатларнинг маҳаллий сертификатларини олиш учун қилинган ҳаражатларини қоплаш режалаштирилмоқда.

Масъул вазирлик ва идораларга маҳаллий саноат тармоқларининг импорт ва экспорт қилишдаги транспорт харажатларини оптималлаштириш мақсадида ҳар молия йили аввалида йирик халқаро логистика компанияларининг арзонлаштирилган логистика квоталари брон қилиниши бўйича топшириқ берилиши кутилмоқда. Экспортни рағбатлантириш агентлиги квоталарни сотиб олиш ва тақсимлаш учун ваколатли давлат органи этиб белгилаш ва квоталарни сотиб олиш, тақсимлаш ва улардан фойдаланишни ташкиллаштириш ишларини мукофот пули экспортчи корхоналарга тақсимланадиган квотанинг 1 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш кўзда тутилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати 2021−2022 йилларда қўшни мамлакатдан импорт қилинган «шубҳали» электротехника маҳсулотларининг CT-1 сертификатларини қайта текшириши ҳақида хабар берилганди.