2 февраль куни Сардор Бахтиёрович Раджабов ҳамда Фарход Эсанович Боқиев мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари лавозимига тайинланди. Буни вазирлик «Газета.uz»га тасдиқлади.

Сардор Раджабов (1988 йилда туғилган) ушбу лавозимга тайинлангунга қадар вазирликнинг Таълим сифатини баҳолаш, лицензиялаш ва аккредитация департаменти директори, аввалроқ (2020 йил июль ойидан) Давлат тест маркази директори ўринбосари лавозимларида ишлаган. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети битирувчиси (2008 йил — бакалавриат, 2018 йил — магистратура).

Фарход Боқиев (1980 йилда туғилган) бунгача Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш қўмитаси раиси ўринбосари бўлган. У 2020 йил январь ойида сенатор этиб сайланган. Боқиев бунгача Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи лавозимида ҳам ишлаб келган.