Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги «Бекуз келажак» иссиқхонаси томонидан атмосферага заҳарли газлар чиқарилаётгани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, иссиқхонанинг фильтрловчи мосламалари носоз экани аниқланган. Шунингдек, бу ерда олов ёқишда автомобиль шиналаридан фойдаланилган, экологик экспертизадан ўтмаган ва «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун талаблари бузилган.

Ҳолат юзасидан иссиқхона масъул ходимидан тушунтириши хати олинган. Қозонхонани таъмирлаш, махсус чанг-газ ушлаб қолувчи фильтрларни янгилаш ҳамда автотранспорт шиналарини ёқмаслик тўғрисида огоҳлантирилган.

Вазирлик матбуот хизматининг «Газета.uz»га қўшимча қилишича, улардан ифлослантирганлик бўйича компенсация ундирилади. Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли чора кўриш ва атроф-муҳитни ифлослантирганлиги бўйича ҳисоб китоб ишлари олиб борилмоқда.

Экология вазирлиги «Газета.uz»га Тошкент атрофида кўмирдан фойдаланадиган иссиқхоналар сабаб «яшил ҳалқа» ўрнига «кулранг ҳалқа» ҳосил бўлгани ҳақида хабар қилганди. Вазирлик ҳаво ифлосланишининг асосий сабаблари қаторида иқтисодиёт тармоқларининг кўмирга бўлган талаби ортиб бораётгани, хусусан, иссиқхона хўжаликларининг кўмир ёқилғисидан фойдаланишга ўтказилиши қайд этган.

Шунингдек, вазирлик Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар лойиҳаси ҳақида маълумот берганди. Иссиқхона ҳамда заводларда чанг-газ филтрларини ўрнатиш, Аи-80, ИЭСларда кўмир ҳамда мазутдан фойдаланишни тақиқлаш ва бошқалар шулар жумласидандир.