Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Акилбек Жапаров яқинлашиб келаётган иситиш мавсумида авариялар рўй берса, амалдорларни зудлик билан ишдан бўшатиш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

«Қиш кутилмаганда келди, деганингизни эшитмай. Қиш мавсумига тайёргарлик 100 фоиз бўлиши керак. Агар ўтган йилги Майлуу-Судагидек ҳолат такрорланса, ишдан бўшайсизки, идорагача ҳам етиб бора олмайсиз», — деди Жапаров Вазирлар Маҳкамасининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилишида.

Ўтган йилнинг январь ойида ҳукумат Жалолобод вилоятининг Майлуу-Суу шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий қилган эди. Ҳаво совуқ бўлгани учун у ерда сув қувурлари музлаб қолган, шаҳар электр станциясига сув оқиб келмай қолган, иссиқлик таъминоти тўхтаган. Оқибатда кўп қаватли уйларда яшовчи 1800 дан ортиқ аҳоли иссиқликсиз қолган.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари, шунингдек, аҳоли ўртасида электр энергиясини тежаш юзасидан «тушунтириш ишларини олиб бориш» бўйича топшириқлар бериб, «ҳар бир фуқаро» ва «айниқса, давлат муассасалари» иситиш мавсумига тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади.

Ўтган ҳафтада Жапаров Қирғизистон аҳолисини қишда сув камлиги сабабли энергия танқислиги кутилаётгани боис электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланишга чақирган эди. У мамлакатда янги ГЭСлар қурилаётганини таъкидлаб, аҳолидан «яна уч йил сабр қилишларини» сўради.

Йиғилишда иштирок этган Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев куз-қиш мавсумига тайёргарлик «одатдагидек давом этаётганини» маълум қилди ва «республика бўйлаб электр токи узилиши бўлмайди», дея ишонтирди.