Умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади. Бу ҳақда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги президент фармони лойиҳасида қайд этилган.

Шунингдек, лойиҳага кўра, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳар) синов тариқасида «Менинг мактабим» лойиҳаси йўлга қўйилади ҳамда бунинг доирасида мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилиб, 5 — 11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланади.
  • умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик сертификациялаш тизими жорий этилади. Бунда, директорларга малакавий талаблар аниқ белгиланиб, улар ҳар беш йилда бир маротаба аттестациядан ўтказилсин.

Юқоридагиларни «тўлиқ, сифатли ва сўзсиз» бажарилиши учун масъул этиб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (Хилола Умарова) белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан 2025 йил 1 январга қадар чет тили фанидан камида С1 даражадаги миллий сертификатга эга бўлган мактабдаги педагог кадрларга ҳар ойлик устама 50 фоиз миқдорида тўланиши жорий этилганди.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги касб-ҳунар мактаби, коллеж, техникум ва академик лицейларнинг C1 сертификатига эга ўқитувчиларига ҳам 50 фоиз устама берилиши йўлга қўйилган.